Қайтар дунё
Даврон касалманд бўлса-да, жўжабирдай оиласини боқиш учун тиниб-тинчимайди. Содда ва хокисор йигит асосан бировларнинг юмушини бажариб, пул топади. Аммо баъзилар унга ҳақини бермай ойлаб-йиллаб чўзишади. Камига, пулини сўраса, баланддан келиб дўқ-пўписа қилишади. Энг ёмони – қариндошларининг унга паст назар билан қараши…
Бир гал амакиси қизини узатганида, Даврон елиб-югуриб хизмат қилди. Кечқурун қудалар келганда ҳам овқат, чой ташиди. Меҳмонларга унинг камтарлиги, соддалиги маъқул келиб, қўярда-қўймай ёнларига ўтқазишди. Даврон дастурхон атрофида бироз суҳбатга чалғиди. Бир пайт амакиси уйга кириб қолдию, жиянининг қудалар билан бемалол гаплашиб ўтирганига кўзи тушди. Меҳмонлар билан ҳол-аҳвол сўрашгач, Давронга секингина: “Бу ёққа қара-да, сенда ишим бор эди”, дея ташқарига йўналди. Амакиси изидан чиққан жиянини чеккадаги уйга олиб кирди. Эшикни ёпиши билан унинг юзига шапалоқ тушириб, ўдағайлади:
– Нимага қудалар олдида ялпайиб ўтирибсан?
– Ўзлари қўймаганига… – дея Даврон оғиз очган эди, яна бир тарсаки келиб тушди. Барзанги амаки нимжонгина жиянининг дуч келган жойига уриб-тепа кетди. Давроннинг оғзи-бурни қонга бўялгач, калтаклашни тўхтатди. Даврон уйига бир аҳволда келди. Эрини ҳеч қачон бу ҳолатда кўрмаган аёли хавотирланганча: “Сизга нима бўлди? Ким билан уришдингиз?” деб сўради. Даврон хўрлиги келганидан кўзи жиққа ёшга тўлганча бўлган воқеани гапириб берди. Хотини: “Амакингиз қизишиб кетибди-да, хафа бўлманг, хатосини тушуниб, сиздан кечирим сўрайди”, деб юпатди. Орадан уч-тўрт ой ўтиб, нариги кўчада турадиган ундан тўрт-беш ёш кичик куёви келиб: “Қирда ўтинимиз ётибди, бугун шуни ташиб беринг”, дея буйруқ берди. Ичида оғринган бўлса-да, “Жондай синглим ва жиянларим учун ташиб бера қолай”, деб ўзини овутди. Тушгача бир неча чақирим жойга эшакда ўтин ташиди. Чанқоқдан томоғи қақраган бўлса-да, ноинсоф куёв бир пиёла чой берай демасди. Даврон охири чидамай: “Шунча ишингни қиляпман-у, менга оддий сувни ҳам кўзинг қиймайди-я, инсофингни еб қўйган экансан-да”, деб юборди. Димоғдор куёв сўкинганча қутурган итдек унга ташланди.
Даврон ўлдириб қўяди деб ўйлаб қаттиқ қўрқди. Кетма-кет тушган зарбалардан ҳушини йўқотди. Ўзига келса, чанг-тупроққа беланиб ётибди. Уйига зўрға етиб борди. Шу воқеадан кўп ўтмай, Даврон касалланиб ётиб қолди. Лекин амакиси ва куёви бирор марта ҳол сўраб келмади. Даврон тўшакка михланиб ётаркан, шу аҳволга тушишида уларни айбларди. Қанча дўхтиру табибга кўрсатишмасин, бечора ўнгланмади. Бир йилга етмай омонатини топширди.
Кўп ўтмай амаки ҳам автоҳалокатга учраб вафот этди. Куёв эса томдан йиқилиб, узоқ вақт даволанди. Аммо аҳволи яхшиланмади. Кейинги пайтда янаям оғирлашиб қолди. Шифокорлар яқинларига: “Чорасизмиз”, дейишдан нарига ўтишмади…
Маҳфуза ДОҲИЕВА,
Янгийўл тумани
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 8-сонидан