“Бурҳон” нима?
«У уйида бўлган аёл уни нафсига чорлади. Эшикларни беркитди ва: “Бу ёққа кел!” деди. У: “Аллоҳ сақласин! Ахир у турар жойимни yaxshilab берган раббим-ку! Албатта, золимлар нажот топмаслар”, деди. Батаҳқиқ, хотин унга интилди. Агар Раббининг бурҳон (ҳужжат)ини кўрмаганида, у ҳам унга (хотинга) интилар эди. Ундан ёмонлик ва фаҳш ишларни узоқлаштириш учун шундай қилдим. Албатта, у танланган бандаларимиздандир» (Юсуф сураси, 23–24-оятлар).
Оятдаги “уйида” сўзи шуни ифодалайдики, уй аслида эрники бўлса-да, гоҳида аёлига нисбат бериш мумкин бўлади. Чунки оятда эрига тегишли уй Зулайҳога нисбат берилмоқда.
“Муровада” сўзи чақириш ва талаб қилиш маъносида. Яъни, Зулайҳо уни ўз нафсига чақирди. Таъвил аҳли бунга “хоҳлади” деб маъно беришган. «Эшикларни беркитди ва: “Бу ёққа кел!” деди». Бир нақлда айтилишича, оятдаги “ҳайта лак» (“Бу ёққа кел!” деб таржима қилинган) ибораси аввалги самовий китоблардан олинган бўлиб, у арабча сўз эмас. Биз бундан нима маъно ирода қилинганини билмаймиз. Лекин айрим таъвил аҳли уни “бу ёққа кел” маъносида деган бўлса, яна бошқаси “сен учун тайёр бўлдим”, деб изоҳлаган. Баъзи қироатларда “ҳи’ту лак” деб ҳам ўқилган, унинг маъноси, биз айтиб ўтганимиздек, “Сен учун тайёр бўлдим” дегани бўлади. Ёки “ҳайта лак” сўзини “Мана, мен сен учун (тайёрман)!” маъносида дейиш тўғрироқ бўлади.
Юсуф алайҳиссалом: “Аллоҳ сақласин! Ахир у турар жойимни яхшилаб берган раббим-ку!” дедилар. Таъвил аҳли оятдаги “раббим” сўзини “Мени сотиб олган саййидим” деб тафсир қилган. Яъни, “мени сотиб олган саййидим менинг мақом ва мартабамни чиройли қилди” маъносида. Бунга далил шуки, Азиз Зулайҳога: “Унинг жойини чиройли қил”, деди. Лекин Юсуф алайҳиссалом “Раббим” деган сўзи билан яратган Раббини назарга тутганга ўхшайди. “Албатта, золимлар” зулм қилган вақтда зулмлари ила “нажот топмаслар”. “Масва” сўзи “мақом”, “жой” маъноларини ифодалайди. Ёки оятнинг маъноси – “Албатта, золимлар” агар зулм ила вафот этса, “нажот топмаслар”. Лекин бу ишларидан тавба қилишса, нажот топади, албатта.
Баъзи муфассирлар томонидан Зулайҳонинг Юсуф алайҳиссаломга ўзини отгани ва у зот ҳам хушрўйлик бергани каби баъзи хурофотлар ҳам айтилган. Буларнинг бирортасини айтиш ҳалол бўлмайди. Бир неча жиҳатлар буларнинг нотўғри эканига далолат қилади.
- Биринчидан, оятда Юсуф алайҳиссалом: “У (Зулайҳо) мени нафсига чақирди”, дедилар. Агар Юсуф алайҳиссалом томонларидан ҳам хоҳиш ва талаб бўлганида бу гапни айтиб, ўзларини оқламаган бўлардилар.
- Иккинчидан, Аллоҳ таоло: “Ундан ёмонлик ва фаҳш ишларни узоқлаштириш учун шундай қилдик”, деди. Агар юқорида айтилганидек, у зот қиё боққан бўлганларида, оятда айтилганидек, ёмон ишлар у зотдан узоқлаштирилган бўлмасди.
- Учинчидан, Юсуф алайҳиссалом: “Бу йўғида унга хиёнат қилмадим”, дедилар. Агар у зот томонларидан муфассирлар айтгандек ишлар содир этилганида, эри йўқлигида унга хиёнат қилган бўлардилар.
- Тўртинчидан, аёлларнинг “Биз унда бирон ёмонлик сезмадик” ҳамда Зулайҳонинг “Энди ҳақиқат равшан бўлди. Мен унинг нафсини хоҳладим”, деган сўзлари муфассирлар айтган гаплар нотўғри эканини кўрсатади.
Юсуф алайҳиссалом шаънларида буларнинг бирортасини айтиш ҳалол бўлмайди. Оятнинг зоҳирида улар айтган маъноларга ҳеч қандай ишора йўқ. Чунки оятда: “Батаҳқиқ, хотин унга интилди. Агар Раббининг бурҳон (ҳужжат)ини кўрмаганида у ҳам унга (хотинга) интилар эди”, дейилган, холос.
Ояти карима, наздимизда, бир неча маъноларни эҳтимол қилади:
- Биринчиси: “Зулайҳо эришиш, имкон топиш учун хоҳлади, Юсуф алайҳиссалом эса ўзларидан йироқ қилишни хоҳладилар” маъносида бўлади. Агар Юсуф алайҳиссаломнинг истаклари уни ўзларидан йироқ қилиш маъносида бўлмаса, оятдаги “Агар Раббининг бурҳон (ҳужжат)ини кўрмаганида” ибораси маъносиз бўлиб қолар эди. Лекин “Юсуф алайҳиссалом уни ўлдиришни истади” деб айтса бўлади. Яъни, у зот Зулайҳони ўлдиришни истаган, кейин Роббисининг ҳужжатини кўргач, ҳалол бўлмагани учун бу ишни тарк этган.
- Иккинчиси: оят “Агар Раббининг бурҳон (ҳужжат)ини кўрмаганида у ҳам унга (хотинга) интилар эди” маъносида бўлади. Яъни, “Агар Юсуф алайҳиссалом Раббининг ҳужжатини кўрмаганларида уни истар эди” маъносида. Бу эса қуйидаги оятга ўхшайди: “Агар сизни собит қилмаганимизда, батаҳқиқ, уларга бир оз бўлса-да, мойил бўлишингизга оз қолар эди” (Исро сураси, 74-оят). Яъни, “Агар Биз сизни собит қилмаганимизда шундай бўларди”.
“Агар Раббининг бурҳон (ҳужжат)ини кўрмаганида…” ояти таъвилида турли маънолар айтилган. Баъзи муфассирлар бу оятни шарҳлаб, Юсуф алайҳиссалом отаси Яъқуб алайҳиссаломни кўрганини айтишган. Баъзилар эса у зот Аллоҳнинг Китобидан “Зинога яқинлашманглар! Зеро, у фаҳшдир” (Исро сураси, 32) оятини кўрганини айтади. Ушбу таъвилларнинг барчаси маълум эмас. “Бурҳон”нинг маъноси “ҳужжат” демакдир. Лекин биз ушбу ҳужжат нималигини билмаймиз. Бу ўринда “Бурҳон” “рисолат”, “пайғамбарлик” маъноларида бўлиши ҳам мумкин.
“Таъвилоти Қуръон” асаридан Абдулатиф АЛЛОҚУЛОВ таржимаси
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 8-сонидан