“Эшонбобо” жомеи
Қўқон, Фарғона, Наманган шаҳарларини бир-бирига боғловчи катта автомобиль йўли чорраҳаси Бувайда тумани марказида кесишади. Шу чорраҳа ёнгинасида, яъни туман маркази – Янгиқўрғон шаҳарчасида қурилиши 2021 йил сентябрда бошланган “Эшонбобо” масжидининг янги биноси қад ростлаб, намозхонлар ихтиёрига топширилди.
Жоме тарихи узоқ ўтмишга эга. Ёши улуғ намозхонлар масжидни тумандаги Жалойир (XIV–XV асрлар) ва Янгиқўрғон (XVII– XVIII асрлар) қишлоқлари тарихи билан тенг дейишади. Афсуски, қатағон йиллари масжид бузиб ташланган эди.
1989 йили туманнинг ўша пайтдаги раҳбари Мақсудали Ҳайдаров масъулиятни зиммасига олиб, маҳалла кайвонилари маслаҳати ва кўмаги билан жомени қайта қуришга киришди. Бу хайрли иш учун туман марказидан барча учун қулай жой ажратилди. Масжид ўша пайтдаги шароит ва имкониятдан келиб чиқиб бунёд этилган.
Вақт ўтиб, намозхонлар сафи кенгайиб, мўмин-мусулмонларга торлик қила бошлади. Марҳум раҳбарнинг вазиятни пайқаган фарзанд ва набиралари яна ташаббусни қўлга олиб, Аллоҳнинг байтини обод қилиш, кенгайтириш учун енг шимардилар. Бу хайрли ишга саховатпеша инсонлар ҳам хайрихоҳ бўлишди. Бунинг натижасида қисқа муддатда 5000 кишилик гўзал жоме қад ростлади. Масжид 1,5 минг кишилик хонақоҳ, ертўла, томи тўлиқ ёпилган салкам 50 сотих ҳовли-майдон (бу жойда ҳам намоз ўқиш мумкин)дан иборат. Сўнгги русумдаги овоз кучайтиргич ва овоз узаткич мосламалари намозхонлар учун қулайлик туғдиради.
Жоменинг минора ва гумбазлари чор тарафдан кўзга ташланиб туради. Унинг географик жойлашуви йўловчи ҳамда меҳмонлар учун қулай. Улар ўтган-қайтганларида барча шароитларга эга масжидда ибодатларни адо этиб, Аллоҳнинг гўзал байтидан нурга, файзга тўлиб чиқиб кетадилар.
Масжиднинг кўркамлиги, безаклари, орасталиги кишининг баҳридилини очади. Бу ерда анъанавий шарқона усул ва замонавий меъморчилик мужассамлашган. Юртимизда зиёрат туризмини ривожлантиришга давлат миқёсида қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли масжидларнинг қайтадан қурилаётган янги биноларида саёҳатга чиққан аёллар учун ҳам алоҳида намозхоналар, таҳоратхоналар бунёд этилмоқда. “Эшонбобо” жоме масжидида ҳам шундай шароитлар муҳайё этилгани мўминалар учун айни муддао бўлди.
Бувайдаликлар қадимдан дину диёнатли халқ. Туманнинг Ислом оламида катта мавқега эга “Биби Убайда она” номи билан аталиши ҳам бежиз эмас. Бу юртда Маматхон тақсир, мулла Қамбар ота, Абдуҳамид махсум каби уламолар яшаб ўтишган. Оққўрғонлик Маҳмудхон махсум Низомиддин ўғли шулар жумласидан. У киши Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг падари бузруквори билан қадрдон бўлган.
Махсум даданинг фарзандлари Аҳмадхон, Муҳаммадхон, Мухторхон домлалар турли масжидларда имомлик қилишади. Набиралари Муҳаммад Исо 2018 йилда ўтказилган Қуръон мусобақаси республика босқичида биринчи ўринни қўлга киритган эди.
Ҳозир масжидга эл ҳурматини қозон ган Аҳмадхон домла Низомов имом-хатиб. У киши туман бош имом-хатиби ҳамдир.
Масжиднинг “Эшонбобо” деб аталиши умрининг сўнгги йилларида Марғилон шаҳрида яшаб, шу ерга дафн этилган Шарофиддин эшон Ҳирожхон ўғли номи билан боғлиқ. Масжиднинг тиниб-тинчимас ва жонкуяр мутаваллиси Одилжон домланинг саъй-ҳаракатлари билан жоме тарихига аниқлик киритилиб, Эшонбобонинг ҳаёти, фаолияти ўрганилди.
Жомега Аббосхон домла Маҳмудов, қўнғиротлик Толибжон домла Эргашев, Бағдод туманидан Отабек домла Исоқов имомлик қилишган. Барчаларини Аллоҳ раҳматига олсин!
Масжиддан намозхонлар қадами узилмайди. Қўшни шаҳар ва қишлоқлардан ҳам мўмин-мусулмонлар қатнайдилар.
Имом ноиблари ва қорилар Сарваржон Раҳмонзода, Абдулбори Аминов ва бошқаларнинг гўзал тиловат ва таъсирли мавъизалари намозхонлар кўнглига файз бағишлайди.
Субҳи содиқ кириши билан жаранглайдиган муаззин Умаржоннинг гўзал азони атрофдаги маҳаллаларга таралиб, тонгги шаббода билан уйғунлашган ҳолда киши қалбига гўзал ва роҳатбахш туйғуларни жойлайди.
Масжидимизга кўп улуғ инсонлар келиб, намоз ўқишган, мавъизалар, дуолар қилишган. Айниқса, Ўзбекис тон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари нинг ташрифлари, жамоатни янги жоме билан қутлаганлари, эзгу тилаклари бувай даликлар учун унутилмас воқеа бўлди. Янгиқўрғонлик Иброҳимжон ота Қўлдошев айтади: “Сафарга кетсам, қадрдон мас жид соғинчи мени ўзига чорлайверади. Жума, таровеҳ ва ҳайит намозларини, албатта, шу ерда адо этаман. Чунки намоз, аввало, Аллоҳга қурбатдир. Ибодатдан сўнг сафдошлар билан дилдан суҳбатлашиш ҳам жуда мароқли”.
Собиржон ОТАБОЕВ,
Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 5-сонидан