Жамоатда барака бор
Динимиз буюрган ҳар бир амрда банда учун икки дунё манфаати бор. Шундай амаллардан бири жамоат билан бирга бўлишдир. Зеро, ҳадисларда намозни жамоат билан адо этган киши кўплаб ажру савобларга эга бўлиши айтилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир кишининг жамоат билан ўқиган намози уйида ёки тижоратхонасида ёлғиз ўқиганидан йигирма беш даража фазилатлидир. Бу шундай: киши таҳорат олиб фақат намоз ўқиш ниятида, бошқа нарсани кўзламай жомега борса, у қўйган ҳар бир қадами эвазига мақоми бир даража ортади ва бир гуноҳи ўчирилади. Намоз ўқиб бўлгач, одамлар билан сўзлашгунча фаришталар: “Аллоҳим, уни афв эт, Аллоҳим, унга марҳамат қил”, деб унинг учун истиғфор айтадилар. Масжидда намозни кутган киши ҳам намозда ҳисобланади», деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳ у алайҳи ва саллам: “Ким хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, туннинг ярмини ибодат билан бедор ўтказгандек бўлади. Ким бомдод намозини жамоат билан ўқиса, худди туннинг ҳаммасини намоз ўқиб ўтказгандек бўлади”, дедилар (Имом Муслим ривояти). Яна бир ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Агар одамлар хуфтон ва бомдод намозини жамоат билан ўқишнинг савобини билганларида эди, унга эмаклаб бўлса ҳам келар эдилар”, деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Динимиз намоздан ташқари бошқа ибодатларни ҳам жамоат билан адо этишга тарғиб қилади. Хусусан, Рамазон ойидаги таровеҳ намози, ҳаж ибодати ҳам жамоат бўлиб бажарилади. Бу орқали мусулмонлар Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатини янада мустаҳкамлаши баробарида бирбирини қўллаб-қувватлаб, бирдамлигини мустаҳкамлайди.
Динимиз нафақат ибодатларда, балки бошқа ишларда ҳам ҳамжиҳат бўлишга буюради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Таомларингиз устида жам бўлинглар, Аллоҳ таолонинг исмини зикр қилинглар. Шунда таомингизда барака бўлади”, дея марҳамат қилганлар (Имом Байҳақий ривояти). Афсуски, бу фазилат бугун орамиздан кўтарилиб кетаётгандек. Баъзилар уйида оилавий эмас, якка-якка овқатланаверади. Ваҳоланки, бир дастурхон атрофида оиланинг жам бўлишида барака бор.
Ҳар доим ҳамжиҳат бўлишнинг бир қанча фойдалари бор. Мисол учун, ҳашарлар, хайр-эҳсонлар ташкил этиш орқали мушкул ишлар осонлашади. Айниқса, бугун юртимизга файз бағишлаб турган замонавий масжидларга бир қаранг. Уларнинг аксари фақат ҳашар ва халқ эҳсонлари билан бунёд бўлмоқда. Бу “Жамоатда барака бор” сўзининг амалдаги исботидир.
Жаъфархон СЎФИЕВ,
Тўрақўрғон тумани “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби