Мол-дунё, бойлик саодат белгисими?
«Агар одамларнинг бир миллат бўлиб олишлари бўлмаганида эди, албатта, Раҳмонга кофир бўладиган кимсаларга уйларининг шифтларини ҳам, унга чиқадиган нарвонларни ҳам кумушдан қилиб қўйган бўлур эдик. Яна уйларининг эшикларини ҳам, ўзлари устида ястаниб ўтирадиган сўриларни ҳам. Яна зеб-зийнатни ҳам. Барчаси фақат дунё ҳаёти матоҳларидир. Охират эса, Раббингиз наздида, тақводорлар учундир» (Зухруф сураси, 33 – 35-оятлар).
Муфассирлар оятдаги “бир миллат бўлиб олиш”ни куфрга берилиб кетиш; охиратни унутиб, дунёга берилиш деб тафсир қилишган. Шунга кўра, оятнинг маъноси “Агар одамларнинг охиратни унутиб, дунёга берилиб кетишлари хавфи бўлмаганида эди” бўлади.
«Раҳмонга кофир бўладиган кимсаларга уйларининг шифтларини ҳам, унга чиқадиган нарвонларни ҳам кумушдан қилиб қўйган бўлур эдик. Яна уйларининг эшикларини ҳам, ўзлари устида ястаниб ўтирадиган сўриларни ҳам. Яна зеб-зийнатни ҳам», яъни одамларнинг мол-дунё, бойлик саодат белгиси экан деб ўйлаб қолишлари хавфи бўлмаганида Аллоҳга иймони йўқ кимсаларни мол-дунёга кўмиб ташлаган бўлар эдик.
«Барчаси фақат дунё ҳаёти матоҳларидир». Яъни мол-дунё ва зеб-зийнатларнинг барчаси тез орада йўқ бўлиб кетувчи фоний нарсалардир. Уларнинг кўп-озлиги саодатнинг, бахтлиликнинг белгиси эмас. Аллоҳ таоло уларни иймонсиз кимсаларнинг баъзи инсоний яхшиликлари эвазига дунёда мукофот қилиб беради ва охиратга ҳеч қандай мукофот, насиба қолдирмайди. Ҳадиси шарифда: “Агар дунё Аллоҳнинг ҳузурида чивиннинг қанотичалик қадрга эга бўлганида эди, У Зот ундан бирорта кофирга бир қултум сув ҳам ичирмас эди”, дейилган (Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривояти).
«Охират эса, Раббингиз наздида, тақводорлар учундир», яъни охират неъматлари фақат тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган, уларга ҳеч ким шерик бўлмайди. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кирдим. У зот арқон билан тўқилган сўри устида эдилар. Бошлари остида ичига хурмо қипиғи солинган тери ёстиқ бор эди. Умар ибн Хаттоб бир гуруҳ кишилар билан кириб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир томонга бурилдилар. У зотнинг биқинлари билан арқон орасида бирор кийим (тўшак) бўлмаганидан баданларида арқон изи қолган эди. Буни кўриб Умар йиғлаб юборди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Умар, сизни нима йиғлатди?” дедилар. Умар: “Сизнинг Аллоҳ ҳузурида Кисро ва Қайсардан кўра икромли эканингизни билганимдан йиғлаяпман. Улар бу дунёда хоҳлаганча ҳашамат ичида яшашмоқда, сиз эса Аллоҳнинг Расули бўлатуриб, мен кўриб турган мана шу аҳволдасиз!”
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Умар, дунё уларники, охират эса бизники бўлишига рози эмасмисиз?” дедилар. Умар: “Ҳа, розиман”, деди. У зот: “Дарҳақиқат, иш мана шундай”, деб марҳамат қилдилар»(Имом Ибн Абу Дунё ривояти).
Бошқа ривоятда: “Эй Хаттобнинг ўғли! Шубҳадамисиз? Улар шундай қавмки, ҳузур-ҳаловатлари ва яхшиликлари уларга мана шу дунё ҳаётининг ўзида тезлаштириб берилгандир”, дейилади. Агар: “Аллоҳни тан олмайдиганлар учун неъмат эшикларининг очиб қўйилиши одамларнинг куфрга берилиб кетишига сабаб бўлса, нега мусулмонларга шундай неъматлар берилмади? Токи бу нарса одамларнинг Исломга интилишларига сабаб бўлса”, дейилса жавоб шуки, агар шундай бўлганида, одамлар Исломга дунёга эришиш мақсадида интилган бўлар эди. Бу эса мунофиқликдир. Иймон холис бўлиши учун мусулмонларга дунё ишларида танглик қилиниши тўғри ва адолатли. Токи ҳар бир киши фақат далилларга эргашган ва Аллоҳ таолонинг розилигини истаган ҳолда қарор қабул қилсин. Ана шунда у абадий неъматларга муносиб бўлади.
“Тафсири Табарий” ва “Тафсири Розий” асари асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Авазбек ЖУМАБОЕВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 9-сонидан