Ҳидоят чақириғи
Жамоат аср намозини адо этиш учун масжидга йиғилган. Намоз вақти кирганда негадир муаззин эмас, имом хонақоҳга кириб, овоз кучайтиргични қўшди ва азон айта бошлади.
“Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар!
Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар!”.
Жамоат ҳайрон, чунки шу пайтгача у киши бирор марта азон айтмаган эди. Бироқ бу азон бошқача, жуда таъсирли эди. Имом азонни гўзал овоз билан айтар, ҳамма бутун вужуди билан уни тингларди. Имомнинг (матн мазмунидан келиб чиқиб муаззин эмас, имом дейилди) овозида нафақат Аллоҳ таолони улуғлаш, балки бутун инсониятни уйғонишга, “Эй одамлар, ғафлатда қолманг, ҳидоятга келинг” деган маъно, бир дард бор эди гўё. Чунки хитоблар чин қалбдан чиқаётган эди.
“Ашҳаду ан лаа илаҳаа иллаллоҳ!
Ашҳаду ан лаа илаҳаа иллаллоҳ!”
Азоннинг ушбу калималарида ўзгача собитлик, сокинлик бор эди.
Кейинги нидо:
“Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ!
Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ!”
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ азза ва жалланинг Расули эканлигига шоҳидлик бериш, бу нақадар улкан бахт ва катта масъулият.
“Ҳайя ъалас солаҳ!
Ҳайя ъалас солаҳ!
Намозга шошилинг!
Намозга шошилинг.
Ҳайя ъалал фалаҳ!
Ҳайя ъалал фалаҳ!
Нажотга шошилинг!
Нажотга шошилинг!..”
Бу барча ишларни қўйиб намозга, нажот топишга қаратилган чақириқ эди. Шунингдек, имом огоҳ бўлишга, “Ҳали ҳам фурсат бор, намозга шошилинг, нажотдан бебаҳра қолманг” дея чорлар эди.
“Аллоҳу акбар,
Аллоҳу акбар!”
“Лаа илаҳа иллаллоҳ!”
Такбирлар, таҳлил айтилиб, азон ҳам ниҳоясига етди. Азон бир неча дақиқа давом этди. Аммо у масжидда ўтирган ҳаммани бир онда таъсирига олган эди. Намоз ҳам хушу билан адо этилиб, хайрли дуолар қилинди. Барчанинг қалбида ўзгача шуур, кайфият, бир енгиллик…
Ҳар куни бир неча бор азон овозини эшитамиз. Кимдир унга эътибор беради, кимдир йўқ. Аммо қалби уйғоқ, Аллоҳга муҳаббатли бандалар учун унунг ҳар бир сўзи ҳидоят чақириғи бўлиб янграйверади.
Отабек АМИРОВ,
Пастдарғом тумани
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 5-сонидан