Ёлғон гувоҳликнинг хатари
Аллоҳдан қўрқайлик! У Зотнинг иймонли бандаларига йўллаган сўзларини диққат билан тинглайлик: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ учун гувоҳликда адолатни устун тутинглар, агар у гувоҳлик ўзингизга, ота-она ёки яқинларингизга қарши бўлса ҳам. Агар у киши бой бўлса ҳам, камбағал бўлса ҳам, Аллоҳ уларга сиздан кўра ҳақлидир» (Нисо сураси, 135-оят).
Аллоҳ таоло бизларга адолатни буюрди. Гувоҳликларимиз ҳақ бўлсин, Аллоҳ розилиги учун қилинсин. Сўзларимизда қаллоблик ёки ёлғон бўлмасин. Ҳақиқатни сўзлайлик. Чунки ҳақ гувоҳлик орқали ҳуқуқлар тикланади ва жамиятда хавфсизлик қарор топади. Яқинлик ҳисси, бойлик ёки камбағаллик туфайли адолатни бузмайлик. Аллоҳ бандаларига биздан кўра меҳрибонроқдир. Ҳақ гувоҳлик баъзан оғир туюлиши мумкин, лекин аслида у Аллоҳнинг розилигига етаклайдиган яхшиликдир.
Ҳақ гувоҳликни фақат юксак руҳли мўмин ва мўминаларгина бера олади. Улар дунё манфаатини эмас, охират мукофотини истайдилар. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Гувоҳликни яширманглар. Ким уни яширса, унинг қалби гуноҳкор бўлади» (Бақара сураси, 283-оят).
Қалб инсоннинг ислоҳ ёки фасод бўлиши манбаидир. Агар у ҳам гуноҳкор бўлса, нима қолади?
Гувоҳликни яшириш одамларга зарар етказади. Ёлғон гувоҳлик жуда хатарлидир. Бу энг катта гуноҳлардан бири, ширкка яқин туриш даражасида хатарли. Ёлғон гувоҳлик бошқаларнинг молини, қонини, хавфсизлигини таҳдид остига қўяди. Оилаларни вайрон қилади, бегуноҳ инсонларнинг ўлимига олиб келади, ҳақларни поймол этади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларга энг катта гуноҳлар нималигини айтайми? Ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, инсонни ноҳақ ўлдириш…” дея огоҳлантирдилар, сўнгра ўтирган жойидан туриб: “Ёлғон гувоҳлик, ёлғон гап!” деб қайта-қайта айтдилар. Саҳобалар: “Кошки у зот энди сукут қилсалар эди”, дейишди.
Шунинг учун ёлғон гувоҳликдан узоқ бўлайлик! Чунки бу қозиларни чалғитади, гуноҳкорнинг кейинги жиноятига йўл очади, бандаларнинг ҳақлари поймол бўлишига сабаб бўлади. Агар банда ёлғон гувоҳлик орқали қандай шармандалик ва азоб кутиб турганини билганида эди, албатта, тилини кесиб ташлаган бўларди!
Аллоҳдан қўрқайлик! Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Билмаган нарсангнинг ортидан эргашма. Албатта, қулоқ, кўз ва қалб – буларнинг ҳаммаси сўроққа тортилади» (Исро сураси, 36-оят).
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 8-сонидан