“Аминим…”, “Сиддиқим…” деб улғайтиринг…
“Тарих аждодларимизнинг ҳаёт мактабидир. Инсонлар мозийга қараб ўзлари учун хулоса чиқарадилар: манфаатли нарсаларни олиб, зарарлиларидан четда бўладилар. Тарих ҳозир билан ўтмиш ўртасидаги кўприкдир” (Шайх Ҳасан ибн Абдуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ).
Ислом тарихига оид ҳодисалардан чиқарган хулосаларимизни, ҳаётимизга ранг берган мулоҳазаларимизни сизларга ҳам илиндик.
Ҳандақ ғазоти, унда содир бўлган воқеалар, саҳобаларнинг матонатлари ва Аллоҳ таоло кўрсатган илоҳий мўъжизалар ҳақида тўхталсак.
Бани Назир қабиласи катталари Маккага келиб, мушрикларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаларга қарши жанг қилишга чорлаши сабабли ўн минг аскар тўпланди, Мадинага юриш бошланди. Бу хабарни эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан маслаҳатлашдилар. Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг маслаҳатига кўра, шаҳар атрофида ҳандақ қазилди. Ҳандақнинг бир жойи атайин кучли отлар ва одамлар ўта оладиган даражада торроқ қилинди. Чунки кучлилари ўтганда мусулмонлар уларга ҳужум қилиб ўлдирсалар, ортдагилар қалбига қўрқув тушади. Бу аслида жанг ҳийлаларидан бири эди.
Ҳандақдан ўтганлардан бири Амр ибн Вуд номли паҳлавон бўлган. Унинг лақаби “Минг жанчига тенг келадиган инсон” эди.
Амр мусулмонларни уч бора яккама-якка жангга чорлади. Бироқ у билан жанг қилишга ҳеч кимнинг юраги дов бермади. У ҳар гал рақиб қидирганида фақат бир киши отилиб чиқди: Али каррамаллоҳу важҳаҳу! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса уни юборишни истамай: “Ўтир, эй Али, ахир у Амрку!” дедилар. Учинчи бор илтимос қилди:
– Ё Расулуллоҳ, рухсат беринг, у Амр бўлса, мен Алиман!
Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам саллаларини Али розияллоҳу анҳунинг белига боғлаб дуо қилгач, рухсат бердилар.
Икки буюк жангчи чанг бўрони ичра қолди. Алалоқибат, Али розияллоҳу анҳу ғолиб бўлди. Бу мусулмонларнинг ғалаба сари қўйган қадами эди…
Мазкур воқеадан динимизда аҳамиятли ҳисобланган фанзанд тарбияси борасида хулоса чиқариш мумкин: болани тарбияларкан, унга мурожаат қилиш, танбеҳ беришда ҳам эҳтиёт бўлиш лозим. Чунки улғаяётганида бу омиллар унинг руҳиятига ишлов бериш билан баробар келажаги учун тамал тошини қўяди.
Али розияллоҳу анҳу ҳали жангларда ном қозонмаган эди. Бироқ онасининг унга хитоби ва иймон нури уни жанг майдонига ундади.
Хулоса ўрнида мўмина оналарга биргина маслаҳат бермоқчимиз: агар болангизнинг руҳи баланд, қалбида қўрқув бўлмаслигини, салоҳиятли, матонатли солиҳ инсон бўлишини истасангиз, тавсиямизга қулоқ тутинг. Фарзандингизнинг: – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юксак ахлоқларидан насибадор бўлишини истасангиз, уни “Аминим!” денг;
– Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудек бўлишини хоҳласангиз, уни “Сиддиқим!” денг;
– Умар розияллоҳу анҳудек бўлишини истасангиз, уни “Форуқим!” денг;
– Али розияллоҳу анҳудек бўлишидан умидвор бўлсангиз, уни “Арслоним!” денг; – Расули акрамга лойиқ уммат бўлишини хоҳласангиз, уни “Солиҳим!” денг… “Лаънати”, “ер етгур”, “даф бўлгур” деб эмас, балки унга энг гўзал хитоблар билан мурожаат қилинг! Токи болангиз руҳан тетик, мард, матонатли бўлиб улғайсин. Ватанига содиқ, оилапарвар, ихлосли, эътиқодли, чин уммат бўлсин!
Шаҳзода СОТВОЛДИЕВА,
Андижон вилояти
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 8-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws