Аллоҳга шикоят қилиш қандай бўлади?
«У айтди: “Мен дарду ҳасратимдан фақат Аллоҳга шикоят қиламан ва мен Аллоҳ томонидан сизлар билмайдиган нарсаларни билурман”. Эй ўғилларим, боринглар, Юсуфни ва унинг укасини яхшилаб изланглар. Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар. Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмларгина ноумид бўлурлар» (Юсуф сураси, 86–87-оятлар).
Қутабий айтади: Оятдаги «(алҳароз) “қариб қолиш” маъносида бўлса, (албасс) шиддатли қайғудир. Бундай дардга мубтало бўлган киши дарду ҳасратларини достон қилиб айтишга сабр қилолмайди». Ҳадиси шарифда ҳам худди шу каби жумла ривоят қилинган: “Кимки сабр қилмасдан қайғуга тушса…” Яъни шикоят қиладиган бўлса… Ояти каримада келган “Аллоҳга шикоят қиламан” иборасидан ғамни тилда айтиш эмас, балки қалбда тутиб туриш тушунилади.
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: “Мен дарду ҳасратимдан, яъни ҳожатим ва қайғуимдан Аллоҳга шикоят қиламан”. Оятдаги (ал-басс) билан (ал-ҳузн) сўзлари бир маънода бўлиб, такроран зикр қилинаётган бўлиши мумкин.
“Ва мен Аллоҳ томонидан сизлар билмайдиган нарсаларни билурман”. Ушбу оят ҳақида баъзи таъвил аҳли бундай дейди: “Аллоҳнинг Юсуф алайҳиссалом кўрган тушини юзага чиқариши борасида сизлар билмайдиган нарсаларни ва биз қачон унга сажда қилишимизни биламан”. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: «Аллоҳ таолонинг “ва мен Аллоҳ томонидан сизлар билмайдиган нарсаларни билурман” ояти “Юсуфнинг тирик экани, унинг ўлмаганини биламан”, деган маънодадир…» “Ва мен… билурман” жумласи “сизлар фойдаланмайдиган илмдан манфаат оламан” маъносида бўлиши ҳам мумкин. Акалари Юсуф алайҳиссаломнинг подшоҳлик даражасига кўтарилиб, иззат топишини билишмас эди.
Ёки Яъқуб алайҳиссалом Аллоҳ баён қилмаган ва бошқа ҳеч ким билмайдиган нарсаларни билган бўлиш лари ҳам мумкин. Бу худди Иброҳим алай ҳиссаломнинг оталарига айтган қуйидаги сўзлари га ўхшайди: “Эй отажон, сизга келмаган илм менга келди” (Марям сураси, 43-оят).
Баъзи таъвил аҳлининг: “Яъқуб алайҳиссалом Юсуфга оҳ тортиб, жазавага тушганидан фалон сўзларни айтди”, деганлари эҳтимолдан йироқдир. Чунки у зот болалари ха бар етказганларида: “Бас, (ишим) чиройли сабрдир”, деганлар. Улар зикр қилган гапда эса, чиройли сабр у ёқда турсин, сабрнинг ўзи ҳам топилмайди.
Таъвил аҳли оятдаги “яхшилаб изланглар” ибораси ҳақида бундай дейди: “Юсуф ва унинг инисини қидириб, дарагини суриштиринглар”. Лекин ушбу таъвилдан бошқаси ҳақиқатга яқинроққа ўхшайди. У ҳам бўлса, Яъқуб алайҳиссаломнинг қалбига бир ҳиссиётнинг туширилганидир. Гўё шу пайтда у зот ўғилларига қарата: “Боринглар, Юсуф ва инисини ахтаринглар”, деб айтган. Чунки улар Юсуфнинг қаерда эканини билмасаларда, укаси Биняминнинг қаердалигини билишарди.
Оталарининг уларнинг ҳар ик кисини ҳам қидириб топишга буюргани, ҳақиқий қидириб кўришни эмас, балки у зотнинг қалбларига иккисини кўриш ҳисси тушганини англатади. Яъқуб алайҳиссалом гўё ваҳий ила Бинямин билан бирга ўша жойда акаси Юсуф ҳам бўлишини билган, лекин болалари улар учун қайтиб боришга дангасалик қилиб, оғринишларини ўйлаб, буни айтмаганлар.
Демак, Яъқуб алайҳиссалом уларга очиқчасига буйруқ тарзида эмас, балки таклиф сифатида амр қилганлар. Ёки “Юсуфни ва унинг укасини яхшилаб изланглар” деб бирор ишни яширганларидан айтган бўлишлари мумкин. Яъни, Биняминнинг Юсуф билан бирга эканини билгани учун ҳам: “Юсуфни қидириб, ундан укасини қайтаришини сўранглар”, деганлар.
Таъвил аҳлидан кўпчилиги бундай дейди: “Яъқуб алайҳиссалом болаларига бундай амр қилишининг сабаби шуки, у зот Юсуф алайҳиссаломнинг тирик эканини билган. Чунки у зот тушида ўлим фариштасини кўриб, ундан: “Қабз қилиб олган руҳлари қаторида Юсуфнинг ҳам руҳини олганмисан?” деб сўрайди. Фаришта олмаганини айтади. Баъзи муфассирлар Яъқуб алайҳиссалом тушида ўлим фариштасини кўриб, ундан сўраганидан сўнг фарзандларига қидиришни амр қилган, дейди.
Бизнингча, у киши кўрган тушлари ва бошқа нарсалар туфайли Юсуфнинг ўлмагани, балки тириклар сафидалигини билиб олганлар ва Юсуфнинг кўрган туши ҳақиқатга айланмасидан туриб, унинг вафот этмаслигини ҳам билганлар. Лекин бу вақтга қадар Юсуфнинг қаердалигини билмаганлар. Шу воқеадан сўнг қаерда экани ва аҳволи қандайлигини ваҳий орқали билиб, уларни кўриш учун қолган болаларига Юсуф билан инисини олиб келишни буюрадилар. Аслида, Юсуфнинг бедарак йўқолиши Аллоҳнинг имтиҳони ва синови эди. У зот шундай синов билан ҳасратда имтиҳон қилинди.
Эътибор берсангиз, Юсуф алайҳиссалом ўзининг қаердалигини отаси Яъқуб алайҳиссаломга билдиришни хоҳлаганида, шундай қилишга қодир эди. Чунки отаси Яъқуб алайҳиссалом унинг қаердалигини билмаса ҳам, ўзи отасининг жойини билар эди. Лекин Юсуфалайҳиссалом танитишга амр бўлганидан кейингина ўзини ошкор қилди.
Оятда Аллоҳ таолонинг раҳматидан фақатгина кофирлар ноумид бўлиши айтилди. Чунки иймон келтирган киши ўзининг Аллоҳ раҳматига бурканувчи эканини билганидан У Зотнинг раҳматидан ноумид бўлмайди, аммо кофирлар Аллоҳнинг раҳмати ва унга бурканиш нималигини билишмайди. Натижада, ўз-ўзидан У Зотнинг раҳматидан ноумид бўлишади.
Яъқуб алайҳиссалом: “Мен Юсуфнинг ҳидини сезмоқдаман”, деб айтганларида, фарзандлари Юсуфни ҳалок бўлган деб ўйлаб, оталарига: “Аллоҳга қасамки, албатта, сиз эски адашувингиздасиз”, деб жавоб қилишади.
Ана шунда оталари ноумид бўлишдан қайтарган. Ваҳоланки, инилари “ўғриликда” айбланиб, қамаб қўйилган эди. Уларнинг динига кўра ўғрилик сабабли қамалган киши қайта озод қилинмас эди. Ёки: “Улар ноумид бўлишмаган бўлса ҳам, Яъқуб алайҳиссалом болаларини ноумид бўлишдан қайтардилар”, дейиш ҳам мумкин. Иброҳим алайҳиссаломга ҳам худди шу тарзда фарзандли бўлиши башорат қилинган эди: «Улар: “Сизга ҳақ ила башорат бердик. Бас, энди ноумидлардан бўлманг”, дедилар» (Ҳижр сураси, 55-оят).
Ушбу оятда элчилар Иброҳим алайҳиссаломни ноумид бўлишдан қайтарди. Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлиши мумкинлиги эҳтимолдан йироқ бўлса ҳам, бундан қайтаришди. Элчилар хушхабар берганларидан сўнг Иброҳим алайҳиссалом бундай деди: “Раббининг раҳматидан адашганларгина ноумид бўлурлар” (Ҳижр сураси, 56-оят).
Ушбу оят мўътазилийларнинг “Катта гуноҳ қилган кишилар дўзахда абадий қолади” деган сўзларига раддия бўлади. Уларнинг фикрича, Иброҳим алайҳиссалом кофир бўлмаган, лекин Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлган эмиш.
Ваҳоланки, Аллоҳ таоло: “Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмларгина ноумид бўлурлар” деб хабар қилган. Мўъта зилийлар: “Гуноҳи кабира соҳиби Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлувчи, лекин у кофир эмас”, дейишади. “Таъвилотул Қуръон” асаридан Абдулатиф АЛЛОҚУЛОВ таржимаси.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 6-сонидан