Иймонни асровчи дуо (Фитнадан нажот ва ҳидоят йўли)
“رَبَّنَا آتِنَا مِن لَّدُنكَ رَحْمَةً وَهَيِّئْ لَنَا مِنْ أَمْرِنَا رَشَدًا”.
Ўқилиши: “Роббанаа аатинаа мил ладунка роҳматав ва ҳаййиъ ланаа мин амринаа рошадаа.”.
Маъноси: “Эй Раббимиз! Бизларга ўз ҳузурингдан раҳмат ато эт ва бизларнинг ишимизни Ўзинг тўғирла!” (Каҳф сураси, 10-оят).
Қуръони каримда зикр этилган мазкур дуода иймонини сақлаб қолиш учун залолатда бўлган қавмидан қочиб, Аллоҳдан бошпана истаган йигитлар ҳақида хабар берилган. Улар қавмлари томонидан фитнага солинишидан қўрқиб, қочишни афзал кўрган ва яшириниш учун тоғдаги ғорни паноҳ тутганлар. Ғорга кирганларида Аллоҳ таолонинг раҳмати ва лутфини сўраб бундай деганлар: “Эй Раббимиз! Бизларга ўз ҳузурингдан раҳмат ато эт ва бизларнинг ишимизни Ўзинг тўғрила!”
Ушбу муборак оят шуни англатадики, мўминнинг вазифаси – Аллоҳ таоло бандаларини тафаккурга чорлаган барча оятлари устида мулоҳаза қилишидан иборатдир.
Осмонлару ерда намоён бўлган ҳар бир оят Унинг ягона ва комил Зот эканига далолат қилади. Аллоҳнинг оятлари беҳуда яратилмаган, балки уларда мўминлар учун нур таратадиган, иймон ва ҳидоятни зиёда қиладиган, илм ва маърифат йўлига бошлайдиган нозик ҳикматлар мавжуд. Улар пок динлари сабабли ўзларини таъқиб қилган кофирлардан қочиб, сабабларни қўллаганларидан сўнг, энг муҳим йўлга – Аллоҳга тазарру ва дуо қилиш билан Ундан паноҳ сўрашга киришдилар:
“Эй Раббимиз! Бизларга ўз ҳузурингдан раҳмат ато эт”. Яъни Аллоҳ таолодан ўзларига улуғ ва хосланган раҳматни сўрадилар.
“Раҳматан” сўзидаги танвин Унинг динга эргашиш борасидаги ғамхўрлигига мос келадиган улуғ раҳматни англатади. “Мин ладунка” иборасида “мин” – бошланиш маъносини, “ладунка” – ҳузур ва яқинлик маъносини ифода қилади. Шу боис бу ибора “Бизларга раҳмат ато эт” дегандан кўра кучлироқ маъно касб этади, чунки барча махлуқот раҳмат ичидадир. Демак, улар Парвардигорларидан алоҳида, махсус раҳматни – тўлақонли ғамхўрликни ва мукаммал эҳсон – неъматни сўрадилар.
Аллоҳ таолонинг: “Ва бизларнинг ишимизни Ўзинг тўғрила” деган дуонинг маъноси – дин ва дунё ишларимизда, сўзлару амалларда ҳидоят ва тўғрилик йўлига етиб боришни осон ва муяссар қил, деганидир. Улар фитнадан қочиб, яшириниш мумкин бўлган жойга интилиш билан бирга, Аллоҳ азза ва жалладан ишларини осон қилишини сўраб, тазарру қилдилар; ўзларига ёки махлуқотга таянмадилар.
Натижада Аллоҳ таоло уларга чиқиш йўлини очди ва уларни кутилмаган жойдан ризқлантирди. Бу – Аллоҳ таолонинг ростгўй, тақводорлар билан боғлиқ ўзгармас суннатидир.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) ўзи унга кифоя қилар. Албатта, Аллоҳ ўзи (хоҳлаган) ишига етувчидир. Аллоҳ барча нарса учун миқдор (меъёр ва муддатни тайин) қилиб қўйгандир.” (Талоқ сураси, 2-оят).
Ушбу дуо – мўминларнинг Яратган парвардигорига дуо билан раҳмат – мағфират сўраши билан бирга, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам Раббисига қилган дуолари сирасига киради:
“Аллоҳим, мен Сендан ишимнинг энг тўғри йўлини сўрайман” ва: “Мен учун қандай ҳукм қилган бўлсанг, унинг оқибатини тўғриликда қилгин” .
Илёсхон АҲМЕДОВтайёрлади.
http://hidoyatuz.taplink.ws