Ақидада адашиш – фитналар боши
Бугунги кунда бўлаётган тўс-тўполонлар, уруш-жанжаллар, бегуноҳ инсонларнинг молига, жонига бўлаётган тажовузлар, обод жойларни вайрон қилиниши, ҳамма ёққа фитна-фасод уруғлари сочилиши, гуноҳ ва жиноятлар кўпайиб бораётгани замирида ақиданинг бузилиши туради. Аввало, ақида ва адашиш сўзларини бироз таҳлил қилиб олайлик.
“Ақида” – “бир нарсани маҳкам тугун қилиб боғлаш” маъносини англатади. Шунга кўра, эътиқод қўйиш лозим бўлган нарсаларни қалбга маҳкам тугиб қўйишдир.
“Адашиш” араб тилида “залолат” дейилади. “Залолат” йўлни йўқотиш маъносини беради. Ақидада адашган дунё ва охират саодат йўлини йўқотган кишидир. Бу жуда катта хатардир. Йўлида адашган кишини биров тўғри йўлга солиб қўйиши мумкин. Лекин ақидада адашган инсонни дунё аҳли йиғилиб келган тақдирда ҳам йўлга солиш душвордир.
Шунинг учун банда Аллоҳ таолодан доимо ҳидоятга йўллашини сўраб дуо қилмоғи фарздир. Ҳар ишда бўлганидек, бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга намунадир. У зот доим Аллоҳ таолодан ҳидоят сўраб дуо қилардилар. Анас розияллоҳу анҳунинг ривоятида ҳидоят сўраш дуосини саҳобаларга ҳам таълим берганлари айтилган.
Дуонинг маъноси:
“Аллоҳим, ҳидоят қилган бандаларинг қаторида бизни ҳам ҳидоят қилгин”.
Ҳидоятда юриш улуғ амал. Шунинг учун банда бу ишда доимо Аллоҳ таолодан мадад сўраши лозим. Фиқҳ китобларида намозхон намозида Фотиҳа сурасини ўқиши вожиб дейилади. Бунинг ҳикмати нимада? Уламолар бунга Фотиҳа сурасида “Бизни тўғри йўлга йўллагин” дуоси бор, деб жавоб берадилар. Шариатлар замон ва маконга қараб ўзгаради. Ақида эса ўзгармайди. Одам алайҳиссаломдан то қиёматга қадар барча мўминлар бир ақидада яшаб ўтмоқлари лозим.
Амаллар эътиқод устига қурилади. Агар эътиқод бузилса, амаллар ҳабата – бекор бўлади. Эътиқодсиз ёки эътиқоди бузуқ инсон шайтоннинг дўсти ва яқин ҳамроҳидир. Унинг амаллари сароб, шамол каби учиб кетади.
Бугунги глобал замонда интернет тармоқлари орқали турли ёт ғоялар ва бузуқ ақидалар тарғиб қилиб келинмоқда. Бу каби ҳолатлар катта-катта фитналарга сабаб бўлаётир. Замона уламолари уларнинг фитна ва хатарларидан одамларни, айниқса, ёшларни огоҳ этадилар.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 8-сонидан