САВДОНИНГ ТЎЛА-ТЎКИС БЎЛИШ ШАРТЛАРИ
(Бошланиши ўтган сонларда)
Савдо тўғри бўлиши учун сотувчининг таклифи ва харидорнинг қабули бир-бирига боғлиқ ва мос бўлиши лозим.
Аҳмад Салимга: “Сенга машинамни 100 мингга сотдим”, деб хат ёзди. Бу хатдан бехабар Салим ҳам Аҳмадга: “Сендан машинангни 100 мингга сотиб олдим”, деб хат ёзди. Ҳар иккиси хатини жўнатгандан кейин ўзига ҳам хат ёзилганини билди. Бу ҳолатда улар орасида савдо бўлмаган ҳисобланади. Балки ҳар иккиси савдо ҳақида таклиф билдирди, холос. Кимдир хатни олгач, розилик билдириб жавоб хати ёзса, ўшанда савдо тўлиқ бўлади.
Икки киши юзма-юз савдо қилаётганда савдо тўлиқ бўлиши учун таклиф ҳам, қабул ҳам бир мажлисда (бир вақт ва бир жойда) топилиши шарт. Агар таклиф қабул қилинмай туриб (сотувчи ёки харидор) савдо жойидан кетса, таклиф бекор бўлади.
Кейинроқ бошқа жойда харидор сотувчининг ўша таклифини қабул қилса, савдо боғланмайди. Бу янги таклиф ҳисобланиб, сотувчининг қабулига муҳтож бўлади.
Бир жойда бўлмаган икки киши ўртасида савдо келишуви вакил орқали дуруст бўлади. Бу ҳолатда бирининг вакили иккинчисига етиб борган мажлис эътиборга олинади. Бир киши бошқа шахсга ўзининг одамини жўнатади. Жўнатилган киши маҳсулотни нархи ва сифатини баён қилиб харидорга таклиф қилади, харидор ўша мажлисда қабул қилса, савдо келишуви охирига етади.
Хат орқали савдо қилинганда эса сотувчининг савдо таклифи ёзилган хати харидорга етиб келганида: “Сотиб олдим”, деса савдо дуруст бўлади. Сотувчи хат жўнатганда унинг таклифи хат етиб келган мажлиснинг охиригача давом этади. Шу мажлисда харидор савдони қабул қилмаса, сотувчининг таклифи бекор бўлади. Хат масаласига почта, телекс, факс ва ижтимоий тармоқлар орқали жўнатилган савдо таклифлари ҳам киради.
Хат орқали келган савдо таклифи қуйидаги ҳолатларда бекор бўлади:
– хатни олган киши савдо таклифини очиқчасига рад қилса;
– савдо таклифини берган шахс белгилаб қўйган муддат тугаса;
– харидор таклифни қабул қилмасидан олдин сотувчи таклифини қайтариб олса;
– савдо таклифи ёзилган хатни олган киши, одатда таклифни рад этиш ҳисобланадиган даражада, узоқ вақт жавоб бермаса (сотувчининг таклифи бекор бўлади).
(Давоми бор.)
Ҳикматуллоҳ ТОШТЕМИРОВ,
Фатво маркази бош мутахассиси
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 9-сонидан