Қурайш обиди
Илм, амал ва шараф эгаси Абу Бакр ибн Абдураҳмон ибн Ҳорис раҳимаҳуллоҳ улуғ тобеин, обидликда машҳур, Мадина мусулмонлари пешвоси эди. У Мадинада яшаб ўтган буюк етти фақиҳдан бири сифатида тан олинган. У Бани Махзум уруғидан бўлиб, гарчи кўзи ожиз бўлса-да (матндаги “қалби кўр” ибораси кўзи ожизликка ишора), лекин илм йўлидан юриш насиб этди ва Аллоҳ унга юксак илм ато этди.
У умри давомида Аммор ибн Ёсир, Абу Ҳурайра, мўминлар онаси Оиша ва Умму Салама, Жаъфар ибн Абу Толибнинг хотини Асмо бинти Умайс, ансорлардан Абу Масъуд ва бошқа кўпгина пешқадам саҳобалардан ҳадис ривоят қилди. Абу Бакр ибн Абдураҳмон ибн Ҳориснинг ўзидан эса мўминлар амири Умар ибн Абдулазиз, унинг ўғиллари, Ибн Шиҳоб Зуҳрий ва бошқалар ҳадис ривоят қилишди.
Унинг илми Ислом оламига тарқаб, илм ҳалқаси илмга ташна талабалар билан гавжум издиҳомга айланди. Шогирдлари фатво ва ривоятда ундан ижтиҳод (шаръий далиллардан ҳукм чиқариш) йўлларини ўрганардилар. Унинг мана бу гапи жуда машҳур эди:
«Илм уч нарсадан бири учун олинади: насаб соҳиби илм олса, у билан насабини зийнатлайди; дин соҳиби илм олса, у билан динини зийнатлайди ёки султон билан ҳамсуҳбат бўлиш ниятида илм олса, у дунё ишида султонга тама қилади».
Бу тобеиннинг ўзига шулардан биринчи ва иккинчи шарт жуда мос тушади. У ўз қавмининг ва қурайшликларнинг саййиди (пешвоси) эди. Отаси Абдураҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишом қурайшликларнинг Бани Махзум уруғидан, онаси эса махзумиялик Сора бинти Ҳишом ибн Валид исмли аёл бўлган.
У ибодати ва фазилатда тенгсиз бўлгани учун «Қурайш обиди» деган ном қозонди. Мадинада ҳадисларни кўп ёд олиб ривоят қиладиган муҳаддислиги ҳамда Аллоҳнинг Китоби ва суннатга қатъий амал қилиши билан танилган эди. У бирон масала хусусида Китоб ва суннатда ҳужжат-далил ёки саҳобийнинг фатвосини топмасагина, ўз раъйига (ижтиҳодига) суяниб фатво бера оларди.
У каби фақиҳ ва муҳаддислар шарофати билан Мадинада фиқҳий мадраса ва унинг намояндалари пайдо бўлди. Кейинчалик Ироқда, Маккада ҳамда фатҳ этилган Басра ва Кўфа каби шаҳарларда ҳам фиқҳий мадрасалар етишиб чиқди. Абу Бакр ибн Абдураҳмон Мадинадаги фиқҳий мактабда катта илмий мажлис соҳибига айланди. Илмга ташна кишилар ҳар томондан уни излаб келишар ва ундан ҳадис ривояти, саҳобаларнинг фатволарини ўрганиб қайтишарди. У ўз илмини ҳеч кимдан қизғанмайдиган сахий олим эди. Кучли хотираси сабабли кўплаб ҳадисларни аниқ-тиниқ ёдлаб, биронтасини ҳам эсидан чиқармасди. Шогирдлари устозлари ривоят қилган ҳадислардан тўпламлар (девонлар) тузишган.
Бу улуғ тобеин «Қурайш обиди» деган лақабга Қуръони каримнинг мана бу оятларига тўлиқ амал қилган ҳолда эришган эди: «Қуёш оғишидан тун қоронғисигача намозни тўкис адо қилинг ва тонгги ўқишни (бомдод намозини) ҳам (тўкис адо қилинг)! Зеро, тонгги ўқиш (кеча ва кундузфаришталари томонидан) гувоҳ бўлинадиган намоздир. Кечадан (бир қисмида) бедор бўлиб ўзингиз учун нафл (ибодат бўлган намоз)ни ўқинг! Шоядки, Парвардигорингиз Сизни (Қиёмат куни) мақтовли (яъни гуноҳкор умматларингизни шафоат қилиб оқлайдиган) мақомда тирилтирса» (Исро сураси, 78–79-оятлар).
Абу Бакр ибн Абдураҳмон намозини комил ва мукаммал суратда адо этишга қаттиқ бел боғларди ва деярли ҳар куни рўзадор бўларди.
Ибн Шиҳоб Абу Бакр ибн Абдураҳмондан, у эса Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади, Абу Ҳурайра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитган: «Албатта, мен Аллоҳга истиғфор айтаман ва ҳар куни етмиш мартадан кўпроқ тавба қиламан».
Мўминлар амири Абдулмалик ибн Марвон Абу Бакр ибн Абдураҳмонни яхши кўрар, унинг илми ва тақвосини юксак қадрлаб, эҳтиром кўрсатарди. У ўз ўғилларига ҳам ушбу Мадина фақиҳига ҳурмат кўрсатишни васият қилган эди.
Ҳижрий 94 йил Мадинада кўплаб буюк фақиҳлар вафот этгани учун тарихда «Фақиҳлар йили» деб номланди. Абу Бакр ибн Абдураҳмон ҳам шу йили боқий дунёга риҳлат қилди.
Бир куни муаззин аср намозига азон айтди. Абу Бакр ибн Абдураҳмон таҳорат олиб, истиғфор айтди ва такбир айтиб, аср намозини Масжиди Набавийда одамлар билан бирга ўқиди. Намоз тугаганидан кейин дўстлари ва шогирдларига: «Аллоҳга қасамки, кўнглимда содир бўлган бу нарсани бугун кун давомида ҳеч кимга ошкор қилмадим», деди ва бу сўзини яна такрорлади. Сўнг уйига қайтиб, ғусл қилганидан кейин ҳушидан кетиб йиқилди. Ўғиллари ва ака-укалари уни кўтариб тўшагига ётқизишди. Масжиди Набавийда шом намозига азон айтилишидан сал аввал улуғ олимнинг жони узилди.
Манбалар асосида Қумқўрғон тумани “Хўжа Мирсаид” жоме масжиди имом-хатиби Абдулкарим АБДУЛЛАЕВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 6-сонидан