Абадий саодатни танлайлик
Тарихда усмонийлар давлати ўғрилик, қароқчилик қилганларга 40 кун мобайнида ҳалол луқма едириб, ўзига хос сабоқ берган. Ҳаром луқма еган кимсалар ёмон ишлардан тийилмайдилар. Зеро, инсон яратилиб, у дуч келган илк имтиҳон ҳам таом билан боғлиқ.
“Тақиқланган мевани егани учун Одам алайҳиссаломни жаннатдан Ерга туширган Аллоҳ таоло бундай хатога йўл қўйган биз бандаларга нисбатан қандай чора кўради?” деган саволни ўзимизга бериб кўряпмизми? Ёхуд еганларимизнинг ҳалол ёки ҳаромлигини фарқлай олмайдиган даражада ғафлатдамизми?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай хабар берганлар:
“Инсонлар бошига шундай замон келадики, инсон топган молу дунёсини ҳалол йўл билан топдими ёки ҳаром йўл биланми, иши бўлмай қўяди” (Имом Бухорий ривояти).
Намозга эътиборсизлигимиз кучайган, бандалик бурчларимизни кўнгилдагидек адо эта олмаяпмиз. “Ҳаром ейишдан тийилиш мақсадида ҳалолнинг ҳам ўндан тўққизини тарк этардик”, деган қисми саҳобалар давридан — бир лаҳзалик лаззат учун олдига нима қўйилса, ўйлаб ўтирмай ейдиган умматга айландик. Еган таоми шубҳали бўлгани учун бармоғини бўғзига тиқиб, қайт қилиб ташлаган Абу Бакр розияллоҳу анҳуни унутиб қўйдик.
Ваҳоланки, парҳез учун нималардан воз кечяпмиз?! “Еб-ичишимга эътибор беряпман”, деганда кошки таомнинг ҳалол ёки ҳаромлигини назарда тутсак. Фан-техника ривожланган сари биз истеъмол қиладиган озиқ-овқатлар ҳам сунъийлашиб боряпти — уларнинг таркиби кимёвий қўшимчалар билан тўлиб-тошди. Бу маҳсулотлар чет эллардан сотиб олинаётгани, уларни ишлаб чиқаришда Ислом меъёрларига амал қилинмаётгани биздаги шубҳа-гумонларни янада оширади. Беэътиборлигимиз сабаб шубҳали озиқ-овқатларни ейишдан четлана олмаяпмиз.
Шукрки, бу соҳада ҳалоллик сертификати берадиган, “Бу ишни пул учун қилиб, сизга ҳалол бўлмаган нарсаларни едирсак, охиратда бизнинг ёқамизга ёпишишингиз мумкин”, дейдиган инсонлар бор.
Ҳалол-пок умр кечирайлик! Бир неча дақиқалик лаззатларни эмас, абадий саодатни танласак, жаннат неъматларидан умидвор бўлсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Дунё уларники, охират бизники бўлишини истамайсанми, эй Умар?” деган муборак сўзларининг эшитувчилари биз бўламиз.
Ҳатто бу йўлдаги илк қадамимизни жаннатдан Аллоҳ тақиқлаган мевани еб Ер юзига туширилган Одам алайҳиссалом ва Ҳавво онамизнинг мағфират сўраб қилган дуолари билан бошлайлик:
«Эй Раббимиз! Биз ўзимизга зулм қилдик. Агар бизни кечирмасанг ва бизга раҳм қилмасанг, биз, албатта, зиён кўрувчилардан бўлиб қолурмиз» (Аъроф сураси, 23-оят).
“Ҳар бир она билиши керак” китобидан Нигора МИРЗАЕВА таржимаси
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 8-сонидан