Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар
- Сенга қилинган ёмонликни кечир, лекин миллатингга қилинганини кечирма.
- Сен ризқни қидирганингдек, у ҳам сени қидиради.
- Ризқинг камайса, Аллоҳга истиғфор айт, ризқинг кенгаяди. Неъмат ичра бўлсанг, “Алҳамдулиллаҳ” де, неъматда бардавом бўласан.
- Касалликдан қўрқиб парҳез қилган, жаҳаннамдан қўрқиб гуноҳдан парҳез қилмаган инсонга ҳайронман.
- Бойликнинг энг аълоси ақлдир; энг катта фақирлик аҳмоқликдир.
- Қўрқинчли нарсаларнинг энг даҳшатлиси ўзини яхши кўришдир.
- Тавбадан кўра улуғроқ шафоатчи йўқ.
- Ношукрлик билан неъматларни ўзингдан қочирма!
- Тақводан кўра яхшироқ ҳимоячи йўқ.
- Худбин ўз камчилиги ва айбларини кўра олмайди.
- Ваъда – адо этилиши лозим бўлган қарздир.
- Очкўз бутун дунёни “еса” ҳам, тўймайди.
- Ақлли инсон фақир бўлиши мумкин, фақат у ҳеч қачон бошқаларнинг садақасига муҳтож бўлмайди.
- Билим асло йўқ бўлмайдиган хазинадир, ақл эса эскирмайдиган либосдир.
- Ақлли камол, жоҳил эса мол-мулк истайди.
- Оқилнинг тахмини жоҳилнинг аниқ билимидан аъло.
- Энг ақлли киши насиҳат эшитишдан воз кечмаган инсондир.
- Аҳмоқ ҳар гапининг бошида қасам ичади.
- Инсонни у лойиқ бўлмаган даражада мақташ риёкорлик ва хушомадгўйликдир. Лойиқ бўлган инсонни мақтамаслик эса соқовлик ва ҳасаддандир.
Нигора МИРЗАЕВА тўплади.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 6-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws