Зубоа бинти Зубайр розияллоҳу анҳо
Зубоа бинти Зубайр розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам амакиларининг қизи. Ҳужраи саодатга бемалол кириб, Расули акрам алайҳиссаломнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлган аёл. Ҳаж учун эҳром ўраш ҳақидаги ривоятлар билан танилган саҳобия.
Зубоа бинти Зубайр розияллоҳу анҳо асли маккалик бўлиб, Қурайш қабиласининг ҳошимийлар уруғидан эди. Отаси – Зубайр ибн Абдулмутталиб, онаси – Отика бинти Абу Ваҳб. Миқдод ибн Амр ибн Саълаба розияллоҳу анҳу билан оила қурди ва улардан Абдуллоҳ ва Абдулкарим исмли фарзандлар туғилди.
Зубоа розияллоҳу анҳо илм мажлисларини яхши кўрадиган аёл эди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам амакиларининг қизи бўлгани сабабли суҳбатларда бемалол иштирок этар, тортинмасдан саволлар берарди. Бир куни Набий алайҳиссалом ҳайвоннинг курак суягидаги гўштдан еганларидан сўнг таҳоратларини янгиламай, намоз ўқиганларини кўрди. Кейинроқ гўшт еганда таҳорат бузилиб-бузилмагани ҳақида иккиланганларга ўша воқеани айтиб берди (Муснад, I, 351).
Бир гал Зубоа розияллоҳу анҳо уйида қурбонлик қилди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир бўлак гўшт ҳадя қилишини сўраб хабар юбордилар. Шунда у: “Худо ҳаққи, бўйиндан бошқа гўшт қолмади. Уни Пайғамбаримиз алайҳиссаломга юборишга уяляпман”, деди.
Шунда Набий алайҳиссалом Зубоа розияллоҳу анҳога одам юбориб, бундай дедилар: “Бўйин, қўл ва курак қўйнинг меъдага энг енгил келадиган, осон ҳазм бўладиган жойидир” (“Муснад”, VI, 360).
Зубоа розияллоҳу анҳо ўн бешдан зиёд ҳадис ривоят қилган. Жумладан, Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зубоа бинти Зубайр ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳоникига кирдилар. Зубоа: “Ё Расулуллоҳ, мен ҳажга боришни хоҳлайман, аммо бетобман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳаж қилавер ва менинг маҳаллам сен мени учратган шу жойда деб фараз қил”, дедилар».
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Зубоа розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ! Ҳажга бормоқчиман. Эҳромга шартли кирсам бўладими?” деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа!” дедилар. Шунда Зубоа розияллоҳу анҳо: “Қандай шарт боғлай?!” деганида у зот бундай дедилар: “Аллоҳим, амрингга бўйин эгдим. Аллоҳим, Сен тақиқлаган ерингда эҳромдан чиқиш шарти билан амрингга бўйсундим” (Имом Абу Довуд ривояти).
Ушбу ҳадис “Кутуби ситта”да бир неча ўринда келган. Зубоа бинти Зубайр розияллоҳу анҳо ҳақида манбаларда маълумотлар кам. Ҳатто қачон вафот этгани ҳам маълум эмас. Аллоҳ ундан рози бўлсин!
Нигора АБДУМУХТОР қизи тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 8-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws