Вақтни тартибга солувчи илоҳий неъмат
Инсониятнинг вақтни ўлчаш, уни бошқариш борасидаги изланишлари турли тақвимларнинг пайдо бўлишига замин яратган. Вақт ўтиши билан мазкур тақвимлар нафақат кундалик турмушда, балки тарихий, диний ва ижтимоий ҳаётда ҳам муҳим ўрин тутган.
Ўтмишда Қуёш ва Ойнинг ҳаракатларини кузатиш орқали инсонлар йил фаслларини, ой ва кунларни аниқлашга ҳаракат қилганлар.
Илк тақвимлар милоддан аввалги 3000 йилларда қадимги Миср ва Бобилда вужудга келган. Дастлабки тақвимлар Ойнинг ҳаракатига асосланган ой тақвимлари эди. Бу тақвимлар деҳқончилик ишларини режалаштириш, диний байрамларни белгилаш учун хизмат қилган. Мисрликлар Нил дарёси ўзанининг тошишига қараб йилни 12 ойга бўлиб, ҳар ойни 30 кундан белгилашган. Кейинчалик Рим империясида ҳам тақвим ислоҳ қилинади. Юлий Цезар милоддан аввалги 46 йилда “Юлиан тақвими”ни жорий қилади. Бу тақвимда ҳар 4 йилда бир марта кабиса йили бўлиб, йил 365 ёки 366 кундан иборат.
Ҳозирги кунда фойдаланилаётган Григорий тақвими 1582 йилда Рим папаси Григорий XIII томонидан ишлаб чиқилган ва кўпчилик мамлакатлар томонидан қабул қилинган.
* * *
Ислом олами ҳижрий-қамарий тақвимдан фойдаланиб келади. Бу ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу даврида жорий қилинган бўлиб, унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Маккадан Мадинага ҳижрат қилган йиллари асос қилиб олинган.
Қамарий тақвим ҳақиқий табиий ой тақвимига, яъни Ой фазаларига тўлиқ мувофиқлаштирилган. У доим янги ой чиққан кундан бошланади.
Бу ҳақда Қуръони каримда: “У Қуёшни зиё (таратувчи) ва Ойни нур (сочувчи) этган ҳамда йилларнинг ададини ва (вақт ва замонга доир) ҳисобни билишларингиз учун уни (Ойни) манзилларга (бўлиб) ўлчаб қўйган Зотдир. Буни Аллоҳ фақат ҳақ (ҳикмат) билангина яратди. Билувчи қавм учун оятларни батафсил баён қилур” (Юнус сураси, 5-оят), дея марҳамат қилинган.
Ҳисоб-китобларга кўра, Ойнинг бир ойлик аниқ ҳаракати – 29 кун 12 соат 44 дақиқа 2 сонияга тенг. Шунинг учун ҳижрий-қамарий тақвимида тоқ ойлар 30 кун, жуфт ойлар 29 кун қилиб белгиланган. 12 соатнинг қўшимчалари (44 дақиқа 2 сония) тўрт йилда йиғилиб бир кун бўлади ва у кабиса йилининг ўн иккинчи ойи охирига 29 кунни 30 кун қилиб қўшиб қўйилади. Ҳижрий-қамарий тақвимда оддий йил 354 кун, кабиса йилида 355 кунни ташкил этади.
Ҳижрий тақвим ва милодий тақвимнинг фарқи – 11,2 кун. Бу ўринда Ойнинг айланишига асосланган ҳижрий йил ҳисоби милодий ва бошқа тақвимлардан кўра аниқ экани исботланган. Яъни, олам яратилибдики, Ой Ер атрофида доимий ўзгаришсиз айланиб туради.
Бундан ташқари, ҳижрий ойлар милодий йил ҳисобига нисбатан турли ойларда киришининг ҳам ўзига хос фазилати бор. Динимиздаги муборак ибодатлар – Рамазон, ҳайит кунлари, ҳаж ибодатлари ва шу каби муҳим саналар милодий йилнинг ҳар фасли ва ҳар кунига айланиб келади. Бу ҳар бир куннинг ушбу ибодатлардан насибаси борлигини англатади.
Тақвим – бу оддий сана белгиси эмас, балки ҳаётимизни мувозанатга солувчи, вақтни қадрлашни ўргатувчи илоҳий неъматдир.
Тақвимлар ҳақида қизиқарли маълумотлар:
- Энг қадимги тақвим – Миср тақвими, у 365 кунга тенг эди.
- Қадимда туркийлар ва бошқа халқларда янги йил баҳор кириши билан бошланар эди.
- Тарихда баъзи халқларда ҳафта кунлари 5 ёки 10 кундан иборат бўлган.
- “Календарь” сўзи (лот. calendarium) – “қарз дафтари” деган маънони билдиради. Қадимги Римда қарздорлар ойнинг биринчи кунида қарзларини тўлаганлар ва буларни қайд этиб борувчи дафтар “календарь” дейилган.
Манбалар асосида Сариосиё тумани “Эшонқулжон бобо” жоме масжиди имоми-хатиби Баҳриддин МИРЗОЕВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 7-сонидан