Тафаккур ҳам ибодат
Тафаккур – кишини Аллоҳ таолонинг нақадар буюк ва меҳрибон Зот, қудрат ва азамат соҳиби эканини ҳис қилишга, ибодат ва итоатга рағбатни оширувчи, Раббимиз рози бўладиган ишларни кўп қилишга ҳамда У Зот қайтарган амаллардан тийилишга сабаб бўладиган хислат.
Агар банда Аллоҳ таолонинг оят-аломатларини тафаккур қилса, иймони нури янада зиёда бўлади. Қуръони каримнинг кўплаб оятларида тафаккур қи лишга чақирилади: “Тафаккур қиладиган кишилар учун оят-аломатлар бордир” (Жосия сураси, 13-оят); “Шоядки тафаккур қилсала рингиз” (Бақара сураси, 219-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир соатлик тафаккур бир йиллик нафл ибодатдан яхшироқдир”, деганлар (Имом Ибн Можа ривояти).
Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Агар инсон тафаккур қилиш фазилатига етишишни хоҳласа, беш нарса ҳақида фикр қилсин:
1) Аллоҳнинг мўъжиза ва аломатлари тўғрисида;
2) Аллоҳнинг ботиний ва зоҳирий неъматлари тўғрисида;
3) савоб амалларга бериладиган ажрлар тўғрисида;
4) гуноҳ амалларга бериладиган иқоблар тўғрисида;
5) Раббимизнинг яхшилиги ва банданинг жафоси тўғрисида”. Аллоҳ таолонинг мўъжиза ва аломатларини тафаккур қилиш У Зотнинг қудратини англаш ҳисобланади. Шунингдек, тафаккур Парвардигорнинг осмонларни ва Ерни қандай яратганига, Қуёшни шарқдан чиқариб, ғарбга ботираётганига, кеча-кундузни алмашадиган қилиб қўйганига ва банданинг ўз хилқатига назар солишидир.
Аллоҳ таоло айтади: “Ер юзида чуқур ишонувчилар учун белгилар бордир. Ва ўзларингизда ҳам. Ёки кўрмаяпсизларми?” (Зориёт сураси, 20-21-оятлар).
Атрофга тафаккур ва ибрат кўзи ила боққан киши ҳар қадамда Аллоҳ таолонинг мўъжизаларини кўради. Унинг неъматлари ҳақида фикр юритади. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ сизларга осмонлардаги ва Ердаги нарсаларни беминнат хизматкор қилиб қўйганини ва сизга зоҳирий ва ботиний неъматларни мукаммал қилиб берганини билмадингизми?” (Луқмон сураси, 20-оят).
Неъматлар ҳақида тафаккур қилиш инсоннинг шукрини зиёда қилади. Аллоҳ таолонинг савоби тўғрисида фикр қилиш эса, У Зотнинг тақводор бандалари учун жаннатда қандай неъматлар тайёрлаганини ўйлашдир. Бу ҳақда тафаккур жаннатга рағбатни, унинг талабида ҳаракатни ва Аллоҳ таолонинг тоатига қувватни зиёда қилади. Унинг азоби тўғрисида фикрлаш эса Аллоҳ таоло душманлари ва итоатсиз кишилар учун дўзахда тайёрлаб қўйилган азоблар ва хорликларни фикрлашдир. Бу эса бандани гуноҳ ва маъсиятлардан тийилишга ундайди.
Уламолар уч нарсада тафаккур қилиш яхши эмас дейдилар:
1) камбағаллик тўғрисида. Чунки камбағаллик ғам-андуҳни кўпайтиради ҳамда мол-дунёга рағбатни кучайтиради;
2) ўзгалар унга қилган зулмни эслаш. Чунки бу қалбни қаттиқлаштиради, ғазаб ва адоватни кучайтиради;
3) узоқ (енгил) умр кўриш ҳақида. Чунки бу ўлимни унуттиради, дунёга ҳирсни оширади. Демак, ҳар бир банда уйқуга ётишдан олдин ўтган куни ҳақида тафаккур қилмоғи лозим. Агар у кунини хайрли ва савобли амаллар билан ўтказган бўлса, Аллоҳга ҳамд айтиши, хато ва гуноҳларига истиғфор айтиши керак.
Ёрбек ИСЛОМОВ,
Олмазор тумани “Охунгузар” масжиди имом-хатиб
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 8-сониданhttp://hidoyatuz.taplink.ws