Яхшиликни сўранг
Ҳасан Басрийдан ривоят қилинади: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида бир киши ибодатда улуғ даражага етишган бўлиб, у: “Аллоҳим, агар охиратда бирор гуноҳим учун азобланадиган бўлсам, уни менга шу дунёнинг ўзида бер”, дер эди. Бир куни у қаттиқ касал бўлди: тўшакка михланиб, худди қуриган хурмо дарахтига ўхшаб қолди. Набий алайҳиссалом унинг ҳолидан хабар олгани келганларида: “Аллоҳдан бирор нарса сўраганмидингиз?” деб сўрадилар. У: “Ҳа, охиратдаги жазоимни шу дунёда олишни сўраган эдим”, деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сиз Аллоҳнинг азобига тоқат қила олмайсиз! Нима учун: “Роббанаа атинаа фид дуня ҳасанатав ва фил ахироти ҳасанатав ва қинаа ъазабан наар” демадингиз?” дедилар. Шунда у киши бу дуони қайта-қайта такрорлади ва охир-оқибат оғир дарддан халос бўлди».
(Ҳаннод ибн Сарий, “Зуҳд”)
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 9-сонидан