ДИННИНГ ЯРМИ БЎЛИШГА ЛОЙИҚМИСИЗ?
Яқинда бир танишим айтиб берган воқеадан ҳайратландим. Ака бой, ўзига тўқ, ука эса қишлоқда кекса ота-онаси, тўрт фарзанди билан яшайди. Ука шаҳарга онасини даволатиш учун олиб келганида акасининг уйида бир неча кун турди. Ноилож ука акасидан пул сўраганида у: “Қурбинг етса, даволатмайсанми? Ҳозир ишим юришмай турибди, қарз олақол”, дебди. Мана, ҳозир қарзини тўлаяпти. Бой оиладан уйланган ака қайнотасининг қўлида ишлайди, танноз хотини унинг ота-онаси ва қариндошларини менсимайди.
Афсуски, “Укангиз ундай, синглингиз бундай” ёки шу каби бошқа иборалар, ҳаракатлар билан турмуш ўртоғини қариндошларидан совутаётган аёллар йўқ эмас.
Қариндошлик ришталари Аллоҳ изни ила боғланади ва динимизда бу масаладаги ҳақ-ҳуқуқларга қарши чиқиш катта гуноҳдир. Аслида бекалар мураккаб вазиятларда хожасининг ёнида туриб, динининг ярми бўлиб, уни яқинларига силаи раҳм қилишга ундаши лозим.
“Келин сабаб ака-укаларнинг орасига совуқчилик тушди”, деган гап-сўзларни кўп эшитамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Катта аканинг кичиклари устидаги ҳақи ота-онанинг фарзанди устидаги ҳақи кабидир”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Тобеинлардан Маймун ибн Миҳрон раҳматуллоҳи алайҳ айтади:
“Уч нарса яхшигаю ёмонга қилинаверади: силаи раҳм, омонатни адо этиш ва аҳдга вафо”.
Аёлининг ҳам қариндошлари билан учрашишига тўсқинлик қиладиган айрим эрлар борки, улар: “Яқинда бориб келдинг”, “Уйингга бир ойда бир марта борасан”, “Опанг ёки уканг ёқмайди, улар билан учрашма”, дея шартлар қўйишади. Аёл эса бундан ранжийди, оилада низо юзага келади.
Аёл киши ота-онасининг зиёратига бориши ҳақида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази махсус фатво чиқарган. Эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ўта нозик масалалардан бўлгани учун фуқаҳолар буни чуқур ҳамда атрофлича таҳлил қилганларидан кейин ҳолатни иккига ажратиб жавоб берганлар:
- Биринчи ҳолат: Агар ота-она қизини кўришга келишга имконияти йўқ бўлса, эр аёлига ота-онасини кўргани боришга ҳафтада бир марта рухсат беради.
- Иккинчи ҳолат: Агар ота-она қизини кўришга кела олса, урфда одамлар орасида жорий бўлган одатга қараб, вақти-вақти билан ота уйига юборади.
Чунки буткул юбормай қўйиш силаи раҳмни узишга олиб келади. Бу ҳолатда аёлнинг уйи яқин ёки узоқда, бошқа шаҳарда бўлишига ҳам қаралади. Чунки узоқ жойга ҳафтада, ҳатто ойда бир марта бориш ҳам харажат талаб қилади. Шунинг учун урфда одамлар орасида жорий бўлган одатга қараб иш кўрилади.
Оиланинг тинч-тотув бўлиши икки томоннинг бир-бирини тўғри тушуниб яшашига боғлиқ. Ҳақ талаб қилиб талашиш орқали оила узоққа бормайди, таназзулга юз тутади. Аёлнинг оиладаги вазиятни ҳисобга олмай, “Отам-онамдан воз кечишим керакми?” деб изн сўрамасдан кетиб қолиши ёки эрнинг рухсат бермаслиги ёхуд қайнонанинг аралашуви, “Бу уйда менинг айтганим бўлади”, дея келинга тўсқинлик қилиши катта жанжалларга олиб боради. Шунинг учун келин вазиятга қараб рухсат сўраши, эр ҳам аёлининг олдидаги бурчини ҳис қилган ҳолда ота уйига юбориб туриши лозим.
Хулоса сифатида айтиш керакки, хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл – қариндошлари ҳолидан хабар олиши, қурби етса, мушкулини осон қилиши, силаи раҳмда бардавом бўлиши динимиз талабидир.
«Агар (иймондан) бош тортсангиз, аниқки, сизлар ерда бузғунчилик қиларсизлар ва қариндошларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узасиз, албатта. Ундай кимсаларни Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини) “кар”, кўзларини “кўр” қилиб қўйгандир» (Муҳаммад сураси, 22–23-оятлар).
Аллоҳ барчамизни Ўзи рози бўладиган бандаларидан қилсин!
Камола АБДУМАЛИК қизи
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 8-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws