Оқиллар учун оят-белгилар бор
“Ер юзида ёнма-ён майдон пайкаллар, узумзор боғлар, экинзорлар, шохлаган ва шохламаган хурмолар бўлиб, бир хил сув ила суғорилурлар ва уларнинг баъзиларининг мевасини баъзилариникидан афзал қиламиз. Бунда, албатта, ақл ишлатувчи қавмлар учун оят-белгилар бордир” (Раъд сураси, 4-оят).
Оятдаги “ёнма-ён майдон пайкаллар” иборасидан тушуниладики, ер бўлак-бўлак бўлгани учун айнан “ёнма-ён” сўзи ишлатилмоқда. Агар ер битта бўлганида “ёнма-ён” деб айтилмаган бўларди.
Бу эса: “Қўшничилик шериклик асосида бўлади ва бунда шуфъа (қўшничилик ҳақи) собит бўлади. Лекин бошқа ўринларда эса шуфъа вожиб бўлмайди”, деган инсоннинг сўзини бекор қилади. Лекин бизнинг наздимизда Аллоҳ таолонинг ушбу ояти бўлак-бўлак бўлган ерларда ҳам қўшничилик собит эканини кўрсатади.
“Ва Ер юзида ёнма-ён майдон пайкаллар, узумзор боғлар…” Оятдаги “ёнма-ён майдон пайкаллар” ибораси “экин экишга яроқли бўлган атрофдаги ерлар” маъносидадир. “Шунингдек, узумзор боғлар”. Яъни яна ёнма-ён боғлар бор. Боғлар деб дарахтлару турли мевалар билан тўлиб-тошган бўстонга айтилади.
“Экинзорлар, шохлаган ва шохламаган хурмолар”. Бир қарашда айтилишича, “синван” бир ўзакдаги иккита хурмо, “ғайру синван” эса ажраган, алоҳида хурмодир, дейилган. Бошқа бир қарашда эса “синван” алоҳида хурмо бўлса-да, ўзаги битта бўлган хурмо, “ғайру синван” эса ёлғиз ўсган хурмодир, дейилади. Баъзи уламоларнинг айтишича, “синван” деб ўсиб чиққан хурмо дарахтига айтилади. У ўзакдан чиққанидан сўнг шохлайди, мана шу шох “синван” бўлади. Шу сабабли ҳам “кишининг амакиси отасининг шохидандир”, дейилади.
“Бир хил сув ила суғорилурлар”. Яъни мазкур зироатлар, хурмолар, мевалар ва боғлар бир хил сув ила суғорилади ва уларнинг баъзиларининг меваси баъзилариникидан афзал бўлади.
Бунинг маъноси шуки, барча ернинг жавҳар-асоси битта ва у бир-бирига ёнма-ён майдон пайкаллар бўлса-да, мева беришда бир-биридан фарқланади. Шунингдек, дарахт ва хурмоларнинг барчаси битта асосдан пайдо бўлган ҳамда ер ҳам ўзининг жавҳар-асосида ягонадир. Бу нарсаларнинг барчаси бир хил сувдан суғорилади. Шундай бўлса-да, у нарсаларнинг ранглари, таъми, покизалигию ёмонлигида ҳамда кўринишида турли хил бўлиб чиқади.
Яъни бу нарсалар ўзича бўлиб қолмагани ва уларга жорий қилинган сабаблар асосида ҳам бўлмагани, балки буларнинг барчаси ягона тадбир қилувчи, билувчи ва ҳаким Зотнинг лутфи-марҳамати ила бўлиши ошкор этилиши учун қилингандир. Агар ушбу нарсалар асл табиатига ё сабабларга кўра мева берганида, уларнинг барчаси яхши-ёмонида, ранглари ва таъмида бир хил бўлиб қолиши керак эди. Зикр қилганимиздек, уларнинг бир хил ранг, бир хил таъм ва ягона шаклда бўлмагани бу нарсалар марҳаматли, барча нарсани билувчи, яккаю ёлғиз тадбир қилувчи Зотнинг иши эканига далолат қилади.
“Ва уларнинг баъзиларининг мевасини баъзилариникидан афзал қиламиз”. Бир нақлда айтилишича, ояти карима “ўсимликларнинг юк кўтаришда баъзиларини баъзиларидан афзал қиламиз. Уларнинг айримлари юк кўтарса, бошқалари ундай эмас”, деган маънодадир. Аммо зикр қилганимиздек, у меваларнинг мазаси, ранги ва шакли ҳам бир-биридан афзал қилингандир.
Аслида, ер битта, бир-бири билан туташ, ёнма-ён, сув ҳам бир хил, лекин мевалар, зироат-экинлар, узумлар ҳар хил бўлиб чиқади. Бундан мақсад одамлар бу ишларни ер қилмагани, сувга ҳам боғлиқ эмаслиги ҳамда нарсаларнинг табиатию сабабларга ҳам алоқаси йўқлигини маълум қилишдир. Ушбу ишлар фақат Аллоҳ таолонинг лутфи-марҳаматидандир. Чунки улар сув, ер, сабаблар ёки ўзига хос хусусиятига кўра бўлганида эди, барчаси баробарига бир хил бўлиб қоларди.
“Бунда, албатта, ақл ишлатувчи қавмлар учун оят-белгилар бордир”.
Албатта, бунда ақл ишлатувчи қавмлар учун У Зотнинг ягоналиги, тадбири, илму ҳикматига оят-белгилар бор. Яъни кибру ҳаво ила қайсарликни ният қилган қавмга эмас, балки мақсадлари ақл ишлатиш, тушуниш ва оят-белгиларга тафаккур ила назар қилиш бўлган қавмлар учун ёки ақли ва илмидан тўғри фойдаланадиган қавмлар учун оят-белгилар бордир.
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади:
«Бу Аллоҳ таоло Одам фарзандлари қалби ҳақида келтирган зарбулмасалдир. Аслида ер битта лой бўлган, Аллоҳ таоло уни кенг қилиб, ёйиб қўяди. Шунда ер бўлакларга бўлинади ва унинг устига осмондан ёмғир ёғади. Бу эса унда гуллар, мевалар ва дарахтлару набототларни ўстиради, ўлик ер тирилади.
Ёмғир Ернинг шўрию ёмонини ҳам юзага чиқаради. Буларнинг ҳар иккиси бир хил сув билан суғорилади. Агар сув шўр бўлганида эди: “Бу ер сув сабабли шўрланиб қолди”, дейилган бўларди.
Инсонлар ҳам шундай бўлишган. Одам алайҳиссаломдан бошлаб яратилди ва уларнинг устига осмондан ягона эслатма нозил бўлди. Бунинг натижасида айрим қалблар эриб, қўрқувга тушса, бўйсунса, бошқа қалблар қаттиқлашиб, бекор бўлиб, қуриб қолади».
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ шу гапларни айтганидан сўнг:
«Аллоҳга қасам, ким Қуръони карим олдида ўтирса, зиёдалик ёки нуқсон билан ўрнидан туради», деди ва ушбу ояти каримани ўқиди:
“Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз. У золимларга зиёндан бошқани зиёда қилмас” (Исро сураси, 82-оят).
Имом Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилотул Қуръон” асаридан
Абдулатиф АЛЛОҚУЛОВ таржимаси
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 8-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws