Бошқаларга ўрнак бўлайлик!
Ҳаждан қайтган зиёратчилар фарз намозларини иложи борича ўз вақтида жамоат билан адо этишга ғайрат қилсинлар. Қуръон тиловати, нафл ибодатлар, зикрлар, истиғфору салавотлар, ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш каби савобли ишларни кўпайтиришлари керак.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия қилган дуоларни ёдлаб, айтиб юришга одатланиш ҳам мақбул амаллардан саналади.
Муҳтарам зиёратчиларимиз баъзан кузатилаётганидек, шариатда йўқ бўлган амалларни ўзларига мажбурият қилиб олиш ўрнига, ҳаж ёки yмра бахтига муяссар қилгани учун Аллоҳ таолога шукр келтириб, кейинги ҳаётини иймонда, Исломда ва одоб-ахлоқда бошқаларга ўрнак бўладиган даражада яшашга интилмоқлари керак.
Ҳаж ва умра зиёратларини адо этиб қайтган ҳожиларнинг масъулиятлари ортади. Машаққат чекиб қилган ибодатлари савобини бой бериб қўймаслик учун умр бўйи ҳаракат қилиши лозим.
Шунингдек, қўни-қўшни, маҳалла-кўй, қавм-қариндошлар, ёру биродарлари билан гўзал муомалада бўлишлари керак. Ҳар доим бева-бечоралар, ногиронлар ва бемор кишилар ҳолидан хабар олиб, қўлидан келганча яхшиликлар қилиб, қалбларга хурсандчилик улашишга ҳиссаларини қўшишлари лозим.
Ҳаж ёки умра сафаридан келган зиёратчининг кундалик ҳаёти ўзгариб, яхшилигига яхшилик, тақвосига тақво қўшилиб, бундан буёғига намунали инсон сифатида ҳаёт кечиришга интилиши лозим. Ҳаждан кейин ҳам ҳаётида ўзгаришни ҳис этмаганлар ўзларини ва қилаётган амалларини яхшилаб тафтиш қилсин.
Агар зиёратчи ўзида яхши томонга ўзгаришни сезмаса, бу амали қабул бўлмаганига бир белгидир, Аллоҳ асрасин. Бу борада ўтган азизларимизнинг ҳаётлари бизга катта ибрат. Улар Аллоҳ таолодан ҳаж насиб этмоғини сўраб йиғлаб, ёлвориб илтижо қилардилар. Насиб этиб сафарга бориб келсалар, яна Аллоҳ таолога йиғлаб қилган амал ва дуоларининг ижобатини сўрар эдилар.
Уламолар ҳаж ва умрани бежизга умр сафари демайдилар. Чунки ҳаж ва умра ибодати ўтмишда билиб-билмай қилинган гуноҳларнинг кечирилиши учун берилган имкониятдир.
Энди ўзингиз бир ўйлаб кўринг, ҳаж ва умра каби муборак сафарга бориб, “Раҳмоннинг меҳмони” дея улуғ номга эришган мусулмонларга яна лоқайдлик, гуноҳларга қайтиш ярашадими?!
Ўша табаррук масканлардан ҳақиқий бандалик сифати билан зийнатланиб келиш ўрнига ёмон одатларини тарк этмай, аввалги ҳолидан ўзгармай қайтиши унга ярашадими?! Йўқ, албатта!
Зеро, улуғ зотлар: “Ҳожи бўлиш осон, лекин ҳожи бўлиб қолиш қийин”, деб бежиз айтмаганлар. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло барчамизнинг умра ва ҳаж ибодатларимизни ҳусни мақбул айласин!
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 10-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws