Зиёратдаги бидъатлар
“Ота-боболаримиздан қолган одат” кўринишида халқимиз онгига сингиб кетган баъзи бидъатлар борки, айримлар уни диний маросимлар, деб қабул қилишади. Масалан, айрим вилоятларда зиёратгоҳларга келган кишилар маййитлардан ёрдам сўрайдилар, остоналарни, деворларни ўпиб дуо қиладилар.
Аллоҳ таоло бундай деган: “Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим”(Зориёт сураси, 56- оят).
Қудсий ҳадисда “Қулим менга ширк келтирмаса, ҳузуримга бир дунё гуноҳ билан келса ҳам, уни бир дунё мағфират билан қарши олгайман” (Имом Табароний ривояти), дейилган.
Бидъат амаллардан яна бири қабристонларда авлиёларга атаб жонлиқ сўйилишидир. Аллоҳ таоло буюради: “Аллоҳнинг номи айтилмаган нарсалардан емангиз!” (Анъом сураси, 121-оят); “…Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин!” (Каҳф сураси, 110-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларни бундай ишлардан қайтариб:“Исломда мозорга атаб жонлиқ сўйиш йўқ”, деганлар. Айрим вилоятлардаги баъзи зиёратгоҳларда мақбараларни тавоф қилиш ҳолатлари учрайди. Аллоҳ таоло Ҳаж сураси 26–29-оятларда: «(Эй Муҳаммад!) Эсланг, Биз Иброҳимга Байт (Каъба) ўрнини белгилаб бериб, (унга шундай дедик): “Менга бирор нарсани шерик қилмагин ва Менинг Байтимни тавоф қилувчилар, (намозда) тикка турувчилар, руку ва сажда қилувчилар (яъни ҳожилар ва намозхонлар) учун тозалаб қўйгин!” Сўнгра (ҳожилар) кирларини кетказсинлар (яъни эҳромдан чиқиб, соч олдириб, тоза либосларини кийсинлар), назрларини (ҳаж мажбуриятларини) адо қилсинлар ва “Қадим уй” (Каъба)ни тавоф қилсинлар!»
Қабристонларни зиёрат қилишдаги одоблардан, аввало, таҳоратли ва сатри авратда бўлиш талаб этилади. Қабристонга киришда “Ассалому алайкум, эй қабристон аҳли!” деб тавозе билан кирилади. Марҳумларга бағишлаб Қуръон ўқилади ва дуолар қилинади.
Қабрга шам ёки пиликлар ёқиш, додлаб йиғлаш, марҳумлардан ҳожатларини сўраш ширк, катта гуноҳдир. Инсоннинг бирор ҳожати бўлса, фақат Аллоҳ таолодан сўраши ва натижаси борасида сабрли бўлиши талаб этилади. Зиёратдан мақсад аслида ибрат олишдир. Чунки қабристон зиёрати ўлимни эслатади, дунё муҳаббатини дилдан кетказади, беҳуда мақтаниш ва ғурурланишни тарк этишга сабаб бўлади.
Демак, қабристонларни зиёрат қилишдан мақсад Аллоҳ таолонинг розилиги бўлиши лозим.
Мунира АБУБАКИРОВА,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим етакчи мутахассиси
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 9-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws