Яманлик хаттот Қуръонни қўлда кўчириш анъанасини асраб келмоқда
IQNA: Яманлик хаттот Али Қосим асрлар давомида давом этиб келаётган Қуръони каримни қўлда кўчириш анъанасини сақлаб келмоқда. У Қуръон оятларини Усмоний расм қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда юксак аниқлик ва эҳтиёткорлик билан ёзишга бутун вақтини бағишлади.
Санъо шаҳридан бўлган Али Қосим уйидаги устахонасида фаолият юритади.
У қаламини сиёҳга ботириб, ҳар бир ҳарфни ўз қўли билан пухта шакллантиради. Шу тариқа хаттот Али Қосим ўзининг севимли машғулотини қадимий ҳунар билан уйғунлаштириб, унинг барча қоидаларига амал қилади.
Хаттотнинг айтишича, “Қуръон оятларини ёзиш бошқа ҳар қандай матнни ёзишдан мутлақо фарқ қилади”. У дастлаб насх хатида ёзган илк намунасини кўрсатиб, сўнг усмоний расм асосида ёзиш ҳақида сўз юритди. Унинг таъкидлашича, бу ёзув услуби маъно, балоғат, тил ва тафсирга оид нозик қоидалар асосида шаклланган.
Али Қосимнинг сўзларига кўра, мусҳаф ёзиш учун махсус турдаги қоғоз ишлатилади. Илгари бу мақсадда алоҳида тайёрланган қоғозлардан фойдаланилган бўлса, ҳозирги кунда замонавий сунъий қоғозлар ёзиш жараёнини енгиллаштириб, сиёҳнинг орқа томонга ўтиб кетмаслигини таъминлайди. Ушбу ишни давом эттириш сабаблари ҳақида хаттот шундай дейди: “Аввало, бу Аллоҳнинг Китобига бўлган муҳаббатим сабабли, иккинчидан, Қуръони каримни ёзиш улуғ шарафдир. Учинчидан эса, бу орқали хаттотлик маҳоратимни янада ривожлантираман”.
Хаттот Али Қосим яна қўшимча қилди: “Бу қобилиятимни мусҳаф ёзишдек бирор иш билан бунчалик сайқаллай олмаганман”.
И.Аҳмедов тайёрлади.