Муваффақият сири
Ишлари юришмаётган тадбиркор хиёбонда ўтириб хаёл сурарди. Қарз берганлар эшигини бузгудек бўлаётган бир паллада муаммолар гирдобидан чиқишга йўл қидирарди. Ёнига бир кекса киши келиб ўтирди ва сўради:
– Жуда хафасан, бирор муаммо борми?
Қария тадбиркорни диққат билан тинглагач, кутилмаган иш бўлди.
– Сенга ёрдам беришим мумкин, – деди ва 50 минг долларлик чек ёзиб берди…. Тадбиркор бошқача йўл тутди. Чекни бир четга суриб қўйиб, қатъий ишонч билан ишга киришди. Қарзларини тўлашнинг янги режаларини тузиб, кечаю кундуз тинмай меҳнат қилди.
Орадан бирмунча вақт ўтгач, даромад кела бошлади. Йил охирлаганда қўлига ҳалиги чекни олиб, яна хиёбонга борди. Ўзига яхшилик қилган кишини кўриб, севиниб кетди. Ёнига бориб, чекни узатди ва муваффақият ҳикоясини айтиб бермоқчи бўлиб турганида бир ҳамшира келиб, қариянинг қўлларидан тутди. Ҳайратда қолган тадбиркорга қараб узр оҳангида деди:
– Доим қариялар уйидан қочиб, шу ерга келиб олади. Сизни безовта қилмадими? Ҳамшира ва қария у ердан узоқлашаркан, тадбиркор ҳайрону лол эди. Чунки бир йил мобайнида 50 минг доллар пули бор одамдек ҳаракат қилиб, ишларини йўлга солган эди. Бироз мулоҳаза қилгач, ҳаётини ўзгартирган нарса бойлик эмас, ўзига бўлган ишонч ва умид эканини тушуниб етди. Қиссадан ҳисса. Ҳар бир муваффақиятимиз ва оиламиздаги бахтимизнинг сири ҳамёнимиздаги эмас, онгимиз ва қалбимиздаги ихлос ва муҳаббатимиз, ҳаракатимизга боғлиқ.
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 9-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws