«ат-Тажвид ал-Муяссар» – Қуръон тиловатини мукаммал ўргатишга мўлжалланган “ал-Азҳар аш-Шариф”нинг янги ўқув дастури
Мисрдаги “ал-Азҳар аш-Шариф” муассасаси Қуръони каримни тўғри тиловат қилиш кўникмаларини бошланғич синф ўқувчиларига самарали ўргатиш мақсадида «ат-Тажвид ал-Муяссар» («Осонлаштирилган тажвид») номли янги ўқув қўлланмалар туркумини ишлаб чиқди.
Мазкур лойиҳа “ал-Азҳар Олий кенгаши” тасдиғидан сўнг амалиётга жорий этилиб, болаларнинг ёш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, тажвид қоидаларини босқичма-босқич ва содда услубда ўргатишга қаратилган.
Янги дастурда назарий маълумотларга эмас, балки амалий машғулотларга алоҳида эътибор қаратилган. Ҳар бир синф учун алоҳида китоб тайёрланган бўлиб, ҳар бир ўқув йилида чекланган миқдордаги дарслар орқали тажвид қоидалари изчил равишда ўргатилади.
Бошланғич синфлардаги мавзулар араб тили дарсликлари билан уйғунлаштирилган. Улар орасида Қуръони каримга ҳурмат одоблари, истиъоза, басмала, қуёш ва ой «лом»лари (шамсия ва қамария ҳарфлари) каби мавзулар ўрин олган. Бу эса юқори синфларда тажвид қоидаларини чуқурроқ ўзлаштиришга замин яратади.
Қўлланмаларда дарслар қизиқарли тарзда, «Яҳё» исмли боланинг отаси ёки устози билан суҳбати асосидаги қисқа ҳикоялар орқали баён қилинган. Бу услуб болаларнинг диққатини жалб қилиш ва мавзуни осон англашга хизмат қилади.
Ҳар бир дарсда аниқ ўқув мақсадлари, амалий машқлар, турли топшириқлар ҳамда замонавий таълим технологиялари асосида ишланган фаолиятлар жой олган. Китоблар рангли тасвирлар ва болалар учун мос дизайнда нашр этилган.
Шунингдек, ҳар бир дарс учун анимацион видеороликлар ҳам тайёрланган бўлиб, улар Ал-Азҳарнинг Қуръон платформаси орқали ўқувчилар, ота-оналар ва ўқитувчиларга тақдим этилади.
«ат-Тажвид ал-Муяссар» дарслиги “ал-Азҳар” университети педагогика факультети, Қуръон илмлари мутахассислари ва қироат олимлари иштирокида тайёрланган. У педагогик ва илмий экспертизадан ўтказилиб, мазмун жиҳатидан юқори сифатли экани тасдиқланган.
Янги дастурни самарали жорий этиш мақсадида Азҳар муассасаларидаги бошланғич синф Қуръон ўқитувчилари учун махсус малака ошириш курслари ҳам ташкил этилди.
Илёсхон Аҳмедов таржимаси.