Хасис раис
Онажоним Иккинчи жаҳон уруши йилларини эслар экан, ибратли бир воқеани айтиб берганди. Ўша пайтларда ҳамма озиқ-овқат танқислигидан қийналган. Фақат қишлоқ раисининг хонадонидагина ҳар куни қозон қайнаган. Раис анча-мунча қаттиққўл ва хасис эди. У бутун қишлоқ аҳли очликдан азоб чекаётганини кўрса-да, бировга қайишай демасди.
Унинг уйидан уч-тўрт кунда бир тарқалаётган иссиқ нон ҳиди маҳалладагиларни безовта қиларди. Айниқса, болаларнинг “Ойи, нон ҳиди келяпти, нон ейман”, деган нолалари оналарнинг юрагини эзарди. Афсуски, раисдан ёрдам сўраб чиққан бирор кишининг ҳожати раво бўлмасди. Ким келса, “Ҳеч вақойимиз йўқ” дея зорланар, хотинига ҳам бировга нарса бермасликни тайинларди.
Раис бир неча кун сафарга кетди. Уйда аёли ва эркатой ўғли қолди. Шундай кунларнинг бирида ярим кечаси эшигимиз тақиллади. Онам “Ким у?” дея эшик томон юрар экан, раиснинг хотини: “Мен, қўшнингизман”, деди баланд овозда. Онам эшикни очиши билан у: “Жон опа, ёрдам беринг, боламнинг мазаси йўқ. Иссиғи чиқяпти”, деди кўзида ёш билан. Онам югуриб уларникига чиқди. Бироздан сўнг қайтиб, акамни дўхтирникига юборди. Йўл-йўлакай табиб холани айтиб юборишни тайинлади.
Хуллас, келганларнинг барчаси эрталабгача раиснинг эркатойи билан овора бўлди. Дўхтир дорисию табиб холанинг малҳами кор қилиб, тушга яқин бемор ўзига келди. Раиснинг хотини ҳаммани алқади, уйида нимаики бўлса, дўхтирга ҳам, табиб холаю қўшниларга ҳам улашди. Шунда қўшниларнинг биринчи бор оқ нон ва қанд егани эсимда.
Раис уйига қайтгунча болакай анча соғайди. Бўлган воқеалардан хабар топиб, ўзининг зиқналигини англаб етди. Сўнгра: “Худо, ёлғиз фарзандимни қайтиб берди”, дея элга ош тарқатди.
Зебо ОМОНОВА
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 8-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws