Ҳожи Умар Мита – Қуръони карим маъноларини япон тилига таржима қилган илк мусулмон
Ҳожи Умар Рюичи Мита (1892–1983) Шарқий Осиёдаги энг нуфузли ислом арбобларидан бири, XX асрда Японияда ислом динининг энг фаол тарғиботчиларидан саналади.
У япон халқига ислом ва Қуръони каримни танитиш йўлида беқиёс хизмат қилган ҳамда Қуръон маъноларини япон тилига тўлиқ таржима қилган биринчи мусулмон сифатида тарихда ўчмас из қолдирган.
Умар Мита 1892 йил 19 декабрда Япониянинг Ямагути префектурасига қарашли Чофу шаҳрида, самурайлар табақасига мансуб нуфузли буддавий оилада туғилди. 1916 йилда Ямагути университетининг тижорат факультетини тамомлади.
Ўқишни тугатгач, соғлиғидаги муаммолар сабаб даволаниш учун Хитойга йўл олди. Ана шу сафар унинг ҳаётида бурилиш нуқтаси бўлди. У ерда хитойлик мусулмонлар билан яқиндан танишди, уларнинг юксак ахлоқи, ўзаро ҳамжиҳатлиги ва меҳр-оқибати уни чуқур таъсирлантирди. Шу тариқа унинг исломга бўлган қизиқиши тобора кучайиб борди.
1920 йилда у «Хитойда ислом» номли мақола ёзиб, япон журналларидан бирида нашр эттирди. Унда мусулмонлар ҳаёти ва ислом маданияти ҳақидаги ижобий таассуротларини баён қилди. Кейинчалик Япониядан ҳаж амалини адо этган илк мусулмонлардан бири бўлган Ҳожи Умар Ямаока билан танишди.
Бу учрашув Митанинг исломни янада чуқурроқ ўрганишига катта туртки берди. Кўп йиллик изланиш, мутолаа ва тафаккурдан сўнг у Пекиндаги Нюцзе масжиди имоми шайх Ван Рилан ҳузурида 49 ёшида расман исломни қабул қилди. У ўзини ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шарафига «Умар» деб атади.
Хитой мусулмонлари ишларини яхши билиши ва улар билан яқин алоқалари туфайли Хитой Ислом жамиятлари олий кенгашига маслаҳатчи этиб тайинланди. Шундан кейин у бутун ҳаётини ислом хизматига бағишлади: араб тилини ўрганди, Япониядаги диний, маданий ва даъват ишларида фаол қатнашди.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин Япониядаги энг таниқли мусулмон арбобларидан бирига айланди. У янги ташкил этилаётган ислом муассасаларини қўллаб-қувватлади ва 1960 йилда Япония мусулмонлари уюшмаси раиси этиб сайланди. Шу лавозимда япон жамиятига исломни танитиш учун маърузалар қилди, китоблар ёзди ва турли маданий тадбирларни амалга оширди.
Унинг «Исломни англаш», «Исломга кириш» китоблари ҳамда «Ҳаёти саҳоба» асарининг японча таржимаси алоҳида аҳамиятга эга. 1957 йилда Покистонга бориб араб тили ва ислом илмларини ўрганди. 1958 йилда ҳаж ибодатини адо этди. Бу сафарлар унинг ислом олами билан алоқаларини янада мустаҳкамлади.
Унинг энг буюк хизмати, шубҳасиз, Қуръони карим маъноларини япон тилига таржима қилиши бўлди.
Унга қадар япон тилида бир нечта таржималар мавжуд эди, аммо уларнинг барчаси мусулмон бўлмаган олим ва таржимонлар томонидан амалга оширилган эди. Илк японча таржима 1920 йилда инглизча таржимадан фойдаланган ҳолда нашр этилган. Кейинчалик бошқа таржималар, жумладан, машҳур шарқшунос ва тилшунос Тошиҳико Изутсунинг таржимаси ҳам эълон қилинди. Бироқ Умар Митанинг таржимаси мусулмон томонидан амалга оширилган биринчи тўлиқ таржима сифатида алоҳида ўрин тутади.
У таржима устидаги ишни 1960 йилда бошлаб, ўн икки йил давомида Қуръон тафсирлари асосида изчил меҳнат қилди. Таржимада Қуръон маъноларини япон ўқувчисига аниқ ва равон етказишга, шунингдек, буддавий ёки фалсафий тушунчаларни эслатувчи атамалардан эҳтиёт бўлишга алоҳида эътибор қаратди.
Таржима 1972 йилда якунланди. Асар бир неча бор илмий жиҳатдан кўриб чиқилди, шунингдек, Ислом олами уюшмаси (Рабитатул олам ал-исломий) томонидан ҳам текширилиб, нашрга тавсия этилди. Китоб Хиросима шаҳрида «Такуми Кубо» нашриётида чоп этилди ва қисқа вақт ичида япон тилидаги энг муҳим исломий манбалардан бирига айланди. Бу таржима минглаб японларнинг ислом билан танишишига хизмат қилди ва узоқ йиллар давомида Японияда мусулмонлар ҳамда тадқиқотчилар учун асосий манба бўлиб келди.
Ҳожи Умар Мита 1983 йил 29 май куни вафот этди. У ҳаётининг сўнгги нафасига қадар ислом хизматида бўлиб, япон халқига Аллоҳнинг Китоби маъноларини етказиш йўлида унутилмас мерос қолдирди. Бугун ҳам у Япония замонавий ислом тарихи саҳифаларида энг буюк шахслардан бири сифатида эҳтиром билан ёдга олинади.
Манба: Солиҳ Маҳдий ас-Самарроий, «Ал-Ислом фил-Ябан», 226–232-бетлар. Илёсхон АҲМАД тайёрлади.