Мағфират – илмда
Маҳрумликдан азобланишинг сабаби – уни Аллоҳ таолодан деб билмаслигингдандир.
Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳимаҳуллоҳ
* * *
Аҳмад ибн Ато Рузборий раҳимаҳуллоҳ айтди: «Мен доимо таҳоратга алоҳида эътибор қаратар эдим. Кечаларнинг бирида сувни кўп сарфлаб юбормаяпманми, деб ўйлаб қолдим. Қалбим хотиржам бўлавермагач: “Раббим, мени мағфират қил, мени мағфират қил!” деб ёлвордим. Шунда “Мағфират – илмдадир1 ”, деган овоз эшитилди».
“Рисалатул Қушайрийя”
* * *
Ҳасан Басрийдан ривоят қилинади: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида бир киши ибодатда улуғ даражага етишган бўлиб, у: “Аллоҳим, агар охиратда бирор гуноҳим учун азобланадиган бўлсам, уни менга шу дунёнинг ўзида бер”, дер эди. Бир куни у қаттиқ касал бўлди: тўшакка михланиб, худди қуриган хурмо дарахтига ўхшаб қолди. Набий алайҳиссалом унинг ҳолидан хабар олгани келганларида: “Аллоҳдан бирор нарса сўраганмидингиз?” деб сўрадилар. У: “Ҳа, охиратдаги жазоимни шу дунёда олишни сўраган эдим”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сиз Аллоҳнинг азобига тоқат қила олмайсиз! Нима учун: “Роббанаа атинаа фид дуня ҳасанатав ва фил ахироти ҳасанатав ва қинаа ъазабан наар”, демадингиз?” дедилар. Шунда у киши бу дуони қайта-қайта такрорлади ва охир-оқибат оғир дарддан халос бўлди».
(Ҳаннод ибн Сарий, “Зуҳд”)
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 10-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws