“Мен кимман?”
Доктор Мустафо Маҳмуд “Шубҳадан иймон сари саёҳатим” китобининг “Жасад” (тана) бобида моддият ва руҳ ўртасидаги фарқни илмий ва фалсафий жиҳатдан таҳлил қилиб, инсон танасини мураккаб бир машинага қиёслайди ва унинг бошқарувчиси ким деган саволга жавоб излайди:
«Мен ўзимга савол бердим: Мен кимман? Гўшт, суяк, қон ва ҳужайралардан ташкил топган мана шу жасадманми?
Агар мен шу жасад бўлсам, унда нега унга буйруқ бера оламан? Нега баъзида унга қарши чиқаман? Масалан, танам чарчаб, ухлашни хоҳлаганида, мен уни бедор бўлишга мажбурлайман. Танам овқат ейишни истаганида, мен рўза тутиб, уни ейиш-ичишдан тияман. Агар инсон фақат танадан иборат бўлса, у ҳолда “тийилувчи” ва “тиювчи” бир хил нарса бўлиб қолади-ку! Бу эса мантиқсизликдир.
Физиология илми шуни кўрсатадики, инсон танаси доимий равишда янгиланиб туради. Ҳужайралар ўлади ва ўрнини янгилари эгаллайди. Бир неча йил ичида танамиздаги деярли барча атомлар ва молекулалар бутунлай алмашиб кетади. Етти йил олдинги “мен”дан бугунги танамда бирорта ҳужайра қолмаган бўлиши мумкин. Аммо “мен”лигим, шахсиятим, хотираларим ва ўзлигим эса ўзгаришсиз қолади. Агар мен фақат модда (жасад)дан иборат бўлганимда, моддалар алмашинувида мен ҳам бутунлай бошқа одамга айланишим керак эди. Лекин ундай бўлмайди…
Демак, инсонда шундай бир нарса борки, у вақтга ва биологик ўзгаришларга бўйсунмайди. Бу – Руҳдир.
Моддиятчилар: “Худди ўт суюқлиги жигарнинг маҳсули бўлгани каби ақл ҳам миянинг фаолиятидир”, дейишади. Бу нотўғри қиёс. Жигар чиқарган суюқлик моддий нарса. Фикр, ғоя, севги, иймон кабилар эса моддий ўлчамга эга эмас. Фикрни тарозида тортиб ёки унинг рангини айтиб бўлмайди.
Мия худди пианинога ўхшайди. Мусиқа овози пианинонинг ичидан чиқса-да, аслида уни чалаётган “созанда” бор. Пианино бузилиб қолса, куй янграмайди, лекин бу созанданинг йўқлигини англатмайди. Тана ва мия ҳам руҳнинг бу дунёдаги асбоби, холос.
Жасад бизга берилган улов бўлиб, унга минамиз, ундан фойдаланамиз. Лекин биз – у эмасмиз. У худди эскирган кийим каби бир кун ташлаб кетилади. Агар инсон фақат жасаддан иборат бўлса, ўлим – мутлақ йўқлик бўлар эди. Аммо инсондаги “Абадиятга бўлган интилиш” ва “Адолатга бўлган эҳтиёж” унинг танасидан кўра буюк эканидан далолат беради».
Мустафо Маҳмуд бу бобда материализмнинг “инсон фақат моддадан иборат” деган даъвосини чил-парчин қилади. У тананинг вақтинчалик ва ўзгарувчанлигини, руҳнинг эса собит ва бошқарувчи эканини илмий далиллар билан кўрсатиб беради. Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ таржимаси
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 10-сонидан