Ҳикматлар
“Ким бир фақир кишининг қалбига хурсандчилик улашса, Аллоҳ унинг учун бу хурсандчиликдан бир лутф-марҳаматни яратади. Унга бир мусибат етса, Аллоҳнинг лутфи худди сув пастликка оқиб тушиб турганидек, унинг мусибатини кетказгунича оқиб туради”.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу
* * *
«“Ҳар бирингиз тун келиб, одамлар ухлаганида ва овозлар тинганида турсин ва таҳорат олсин, сўнг икки ракат намоз ўқиб: “Эй Раббим, мени Ўзингга яқин бўлган солиҳ бандаларингдан бири (муршид)га далолат қилгин. Токи у мени Сенга далолат қилсин ва йўлингни танитсин”, дея илтижо этсин. Зеро, сабаб фақат Ундандир. Аллоҳ таоло бирор анбиёсиз ҳам ҳидоят қилишга қодир. Оқил кишилар бўлинглар, аслида сизлар бирон нарсага эга эмассизлар, ғафлатдан уйғонинглар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Ким ўз раъйи, фикрига суянса, адашибди”, дедилар».
Абдулқодир Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳ
* * *
“Аллоҳдан солиҳ умр йўлдош сўраганингда, фақат уни талаб қилиш билан чекланиб қолма. Балки Аллоҳдан никоҳ билан бирга иффатни, ҳалим, ширинсўз умр йўлдошни ҳам сўра. Сафар узоқ ва машаққатли, сен эса (эй аёл,) яратилишинг, хилқатингга кўра заифасан. Қанча-қанча никоҳлар борки, унинг соҳиби ҳам, соҳибаси ҳам унинг ҳақиқий маъносини англамаганлар ва натижада динлари ҳам, дунёлари ҳам зое бўлган”.
Само Маҳмуд раҳматуллоҳи алайҳ
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 9-сонидан