Солиҳа қиз
Одатда “Қиз бола бировнинг хасми, эрга тегиб кетади”, деган гап бор. “Ўғил бола эса доимо хизматда бўлади. Уни уйлантириб қўйсанг, келин ҳам кунингга ярайди” каби тушунчалар ҳам йўқ эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизларга нафақа қилишнинг фазли ҳақида ҳадисларида қайта-қайта баён қилганлар. Ўзлари тўрт қизларига қилган муомалалари билан барчага намуна бўлганлар.
Зуҳрийдан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимнинг икки қизи бўлса ва уларнинг машаққатларига ва нафақасига сабр қилса, уларга қилган нафақаси учун унга жаннат бўлади”, дедилар.
Бир қизни солиҳа қилиб вояга етказиш осон эмас. Бу учун сабр-матонат, ҳаракат, ғайрат, топганини сарфлаш керак. Барибир шу қиз эртами, индинми, бировнинг уйига кетиши, келин бўлиши борлигини ўйлаб, юрак увишиб ҳам туради. Айниқса, қизи кўп бўлса, бу ҳолат аниқ билинади. Шуларни билиб, сабр этиб, қизларини яхши тарбиялаган кўп ажрга эга бўлади.
Икки қизнинг тарбиясидаги машаққатларга, хусусан, қизларнинг нафақасини таъминлашдаги қийинчиликларга сабр қилиш ота-она учун катта савоб ҳамда жаннатга киришга сабаб бўладиган амаллардан бири ҳисобланади.
“Яхшилик ва силаи раҳм” китобидан
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 8-сонидан олинди.
http://hidoyatuz.taplink.ws