Покистон телеканали Ўзбекистоннинг маънавий-маърифий меросини кенг ёритди
Покистоннинг машҳур «Discover Pakistan» телеканалида Ўзбекистонда ўтказилган I Халқаро Ислом цивилизацияси форумига бағишланган махсус теледастур эфирга узатилди.
Урду тилида тайёрланган дастурда форумнинг асосий натижалари, унинг халқаро аҳамияти ҳамда Ўзбекистонда ислом цивилизацияси меросини асраш ва маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Таъкидланишича, форум турли мамлакатлардан ташриф буюрган олимлар, диншунослар ва жамоат арбобларини бирлаштирган нуфузли халқаро мулоқот майдонига айланди. Унда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик, маърифатпарвар ислом ғояларини тарғиб қилиш ҳамда экстремизм ва радикализмга қарши маърифий ёндашувларни кучайтиришга қаратилган муҳим ташаббуслар илгари сурилди.
Дастурда, шунингдек, Президент раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотлар, буюк алломалар илмий меросини ўрганиш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва миллий маданий меросни халқаро миқёсда тарғиб қилиш ишларига алоҳида урғу берилди.
Самарқанд, Тошкент ва Термизнинг жаҳон ислом цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақида ҳам маълумотлар келтирилди. Форум иштирокчиси бўлган хорижлик олим ва экспертлар мазкур анжуман маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик тамойилларини кенг ёйишда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидладилар.
Махсус теледастур Покистон томошабинларига Ўзбекистоннинг бой маънавий-маърифий мероси ва Ислом цивилизацияси форумининг мазмун-моҳияти билан яқиндан танишиш имконини яратди.
И.Аҳмедов тайёрлади.