Ҳақиқий ҳаёга эришяпмизми?
Аллоҳ таолодан ҳаё қилган киши жамоат жойларида ҳам, ёлғиз қолганда ҳам ўзини бир хил тутади, ўзгармайди. Одамлар кўз ўнгида қилмаган гуноҳни Парвардигоридан қўрққани учун танҳолигида ҳам содир этмайди. Агар кишида ҳаё бўлмаса, бу дунёда ҳам, охиратда ҳам шарманда бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларидан бирида: “Умматимдан шундай кишиларни биламанки, улар қиёмат куни Туҳома тоғича келадиган хайрли амалларни олиб келадилар. Аллоҳ уларнинг яхшиликларини тўзғиган ғуборга айлантиради”, дедилар. Саҳобалардан Савбон розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, уларни сифатлаб беринг. Биз ҳам улардек бўлиб қолмайлик”, деди. Шунда у зот: “Улар сизнинг биродарларингиз ва сизга ўхшаш (киши)лардир. Худди сизлар тунлари (таҳажжуд намозини адо этиб) насибаланганингиз каби улар ҳам (ибодатдан) насибаларини оладилар. Аммо улар холи қолганларида Аллоҳ ҳаром қилган ишларни қилишдан тап тортмайдилар”, деб жавоб бердилар (Имом Ибн Можа ривояти).
Аллоҳ таоло Қуръони каримда ўтган солиҳалардан бирининг ҳаёсига алоҳида урғу бериб, бундай деган: «Сўнгра улардан (икки қиздан) бири ҳаё билан юриб келиб: “Отам сени бизларга (қўйларимизни) суғориб берганинг ҳақини бериш учун чақирмоқда”, деди…» (Қасас сураси, 25-оят).
Бу Шуайб алайҳиссаломнинг қизи эди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда иймоннинг энг олий ва энг қуйи бўлакларидан кейин ҳаёни алоҳида таъкидлаб: “Ҳаё иймоннинг бир бўлагидир” (Имом Муслим ривояти), дейилиши бежиз эмас.
Ҳаё инсонни доимо яхшилик қилишга, ёмонликдан четланишга чорловчи хислатдир. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилинглар”, дедилар. Саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, биз, албатта, ҳаё қиламиз, алҳамдулиллаҳ”, дейишди. (У зот): “Ундай эмас. Ҳақиқий ҳаё бош ва у ўз ичига олган нарсаларни, қорин ва у ўз ичига олган нарсаларни сақламоғингиздир. Ўлимни ва (қабрда) чиришни эсламоғингиздир. Ким охиратни хоҳласа, дунё зийнатини тарк этади. Ким ўшаларни қилса, Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилган бўлади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Бош ўз ичига олган нарсалар кўз, қулоқ, бурун, оғиз ва тилдир. Ушбу аъзоларни ёмонликдан сақлаш билан банда ҳақиқий ҳаёга эга бўлади.
Қорин ўз ичига олган нарсалардан мурод озуқалар ва фарждир. Демак, ҳалол озуқалар билан озиқланиб, фаҳш ишлардан сақланиш лозим.
Бугун аёлларда ҳаё озайган замонда яшамоқдамиз. Бунга ижтимоий тармоқлардаги уларнинг ибосиз суратлари, очиқчасига гапирган сўзлари, шармсиз видеолари мисол бўлади. Кўп ҳолларда бундай тасвирлар эркакларнинг ҳам “бузилишига” олиб келмоқда. Бузилган жамиятда болаларни қандай улғайтирамиз? Демак, ҳар бир ота-она фарзанд тарбиясида, айниқса, қиз бола парваришида янада эътиборли ва ҳушёр бўлишлари талаб қилинади…
Меҳринисо АКРОМЖОН қизи,
Учқўрғон тумани
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 10-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws