Қайта тирилишнинг кўриниши
Қуръони каримда: “Аллоҳ жонларни ўлган вақтида, ўлмаганларни эса ухлаётган пайтларида олур. Бас, Ўзи ўлимга ҳукм қилган жонларни (қайтармасдан) ушлаб қолур, бошқаларини эса белгиланган бир муддатгача (ажаллари етгунча) қўйиб юборур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавм учун аломатлар бордир”, деб хабар қилинади (Зумар сураси, 42-оят).
Оятда баён этилганидек, инсон фақат моддий тана билан чекланмайди, балки унинг замирида жон деб аталувчи теран бир моҳият – руҳ мавжуд. Ана шу руҳ инсон вафот этганида, ухлаётганида баданни тарк этади. Уларнинг орасидан ажали етганларнинг руҳи баданига қайтарилмайди, ажали етмаганларники эса яна баданларига қайтарилади.
Уйқу вақтида инсон танасининг сезиш ва идрок этиш қобилияти тўхтайди, бироқ бу вазифа руҳ орқали давом этади. Шу сабабли инсон уйқуда бўлса-да, унинг руҳи узоқ масофаларни босиб ўтади, баланд чўққиларга чиқади ва уйғонганида буларни худди ўз кўзи билан кўргандек тасвирлаб беради. Бу ҳолат руҳнинг имкониятлари тана қафасидан озод бўлганда нақадар чексиз эканини кўрсатади. Руҳ бадандан айрилганда, дунё ҳаётидаги чегаралардан чиқиб, янада кенг ва мукаммал шаклда кўриш, эшитиш ва англаш қобилиятига эга бўлади.
Охиратдаги неъматларнинг лаззати ҳам айнан шундай руҳоний хусусиятга эга. Ҳадиси шарифда жаннат неъматлари “кўз кўриб, қулоқ эшитмаган” дея таърифланиши у ердаги лаззат, ҳузур-ҳаловатнинг баданий сезги аъзолари билан эмас, балки руҳий идрок билан ҳис қилинишига ишорадир. Шу боис жаннатда намоз, рўза каби жисмоний амаллар ўрнини ҳамд, сано ва илоҳий маърифат каби руҳни юксалтирувчи ва завқ берувчи ибодатлар эгаллайди. Олимларнинг таъкидлашича, ўлим руҳнинг йўқ бўлиши эмас, балки унинг боқий оламга ўтишидир. Охиратда эса инсон ана шу руҳоний асоси ва ўзлиги билан мукаммал суратда Аллоҳнинг эҳсонига сазовор бўлади.
Инсоннинг қиёмат куни ўз бадани билан қайта тирилишини ёқловчи олимлар, жумладан, Имом Мотуридий бу жараённи комиллик ва адолат нуқтаи назаридан тушунтирадилар. Уларнинг фикрича, бу дунёдаги инсон танаси доимий эмас, у касалликка, чарчоққа ва қариликка маҳкумдир. Мана шу жисмоний нуқсонлар руҳнинг бор имкониятларини кўрсатишига тўсқинлик қилади. Бироқ охиратда бу тўсқинликлар олиб ташланади.
Олимларнинг таъкидлашича, охиратда инсоннинг бадани бутунлай ўзгача, соф ва боқий ҳолатга келади. У ерда ўлим, касаллик ёки заифлик каби салбий ҳолатлар бўлмайди. Тана руҳнинг барча хусусиятларини ўзида акс эттирадиган даражада нурли ва мукаммал бўлади. Бундай бадан энди озиқ-овқатга ёки энергияга муҳтож бўлмайди; жаннатдаги неъматлардан мақсад очликни қондириш эмас, балки руҳ ва баданнинг биргаликда олий даражадаги лаззат ва шодликни ҳис қилишидир.
Бу фикрни қувватлаш учун Қуръони каримдаги, хусусан, Ёсин сурасида мушрикларнинг “Чириган суякларни ким тирилтиради?” деган эътирозларига жавоб сифатида инсоннинг илк яратилиши ва жисмоний тирилиши эслатилади. Чунки инсонлар учун руҳнинг мавжудлигидан кўра, чириб тупроққа айланган баданнинг қайта тикланиши мўъжизавийроқ кўринади. Аллоҳ таоло эса илк бор йўқдан бор қилган Зот учун қайта тирилтириш жуда осон эканини баён қилади.
Инсон табиатан ҳам руҳан, ҳам жисмонан қувонч ва оғриқни ҳис қиладиган қилиб яратилган. Агар қайта тирилиш фақат руҳий бўлганида, инсон охиратдаги мукофот ёки жазони тўлиқ ҳис қила олмас эди. Жаннат неъматларининг жисмоний шаклда таърифланиши ёки дўзах азобидан огоҳлантирилиши инсоннинг бу дунёда яхши ва ёмонни ажратиб яшашига, савоб ишларга интилишига хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, Имом Мотуридий ва бошқа олимлар ҳам ақлий, ҳам нақлий далилларга таянган ҳолда, инсоннинг қиёматда ўз асл танаси ва руҳи билан бирга тирилишини энг тўғри ва ҳақиқатга яқин қараш деб ҳисоблайдилар. Зеро, бу инсоннинг тўлақонли шахс сифатида ваъда қилинган саодатга эришишини таъминлайди.
“Имом Мотуридийнинг тафаккур дунёси” асаридан.
Музаффар КОМИЛОВ ва Абдумурод ТИЛАВОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 10-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws