Ханхоа – Вьетнамдаги ҳалол саноатининг янги маркази
Вьетнамнинг жанубида жойлашган Ханхоа вилояти мамлакатда ҳалол саноатининг янги марказига айланмоқда. Вилоят маҳаллий ва халқаро бозорларни жалб этиш мақсадида ҳалол маҳсулотлар учун инфратузилма ва махсус объектларни кенгайтирмоқда.
Ханхоа вилояти маҳаллий ва халқаро бозорларга йўналтирилган ҳалол иқтисодиётни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратиш борасида изчил иш олиб бормоқда.
Вилоят Инвестициялар, савдо ва туризмни ривожлантириш маркази директори Чыонг Ван Тхиен яқинда бўлиб ўтган «Вьетнам ҳалол туризми» конференциясида вилоятда ҳалол маҳсулот ва хизматлар сифатини бошқариш ҳамда уларни ривожлантириш сиёсати бўйича махсус режа ишлаб чиқилганини маълум қилди.
Мазкур режадан кўзланган мақсад — босқичма-босқич бизнес марказидаги яхлит ҳалол экотизимни шакллантириш ва вилоятни ҳалол туризми учун қулай манзил сифатида тарғиб қилишдан иборат.
Шунингдек, режа компанияларга экспорт бозорларини кенгайтириш, ҳалол бозори ҳисобланган мамлакатлардан стратегик ҳамкорлар, инвесторлар ва лойиҳаларни жалб этишга ёрдам беришни кўзда тутади. Бу ҳамкорлик логистика, туризм, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва қишлоқ хўжалиги каби соҳаларни қамраб олади.
Ханхоа вилояти Маданият, спорт ва туризм департаменти маълум қилишича, вилоят халқаро туризм бозорларини диверсификация қилиш, рақобатбардошликни ошириш ва туризм соҳасида янги ўсиш имкониятларини яратиш мақсадида ҳалол туризмини энг устувор йўналишлардан бири сифатида белгилаган.
Ханхоа вилояти ҳалол туризмини ривожлантириш учун бир қатор қулай шароитларга эга. Жумладан, сиёсий барқарорлик, хавфсизлик, гўзал табиат, мафтункор манзаралар, йил давомида илиқ иқлим, шунингдек, мусулмон сайёҳларни жалб этадиган ҳашаматли ва сокин курортлар мавжуд.
Вьетнамнинг мазкур вилояти мусулмон сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш мақсадида ҳалол меҳмонхоналар, ҳалол озиқ-овқат ва ичимликлар шохобчалари ҳамда сайёҳлик объектларига инвестицияларни рағбатлантиришни режалаштирмоқда. Шунингдек, аэропортларда намозхоналар ташкил этиш, туризм соҳасида фаолият юритувчи ходимларни маданий хабардорлик ва хизмат кўрсатиш кўникмалари бўйича ўқитиш ҳам режалаштирилган.
Вилоят, шунингдек, Малайзия, Индонезия, Бруней, Сингапур ва Жануби-Шарқий Осиёнинг бошқа мамлакатлари, шунингдек, Яқин Шарқ бозорларида реклама ва тарғибот ишларини кучайтирмоқда.
Бундан ташқари, сайёҳлар тажрибасини яхшилаш ва уларнинг вилоятда узоқроқ қолишини рағбатлантириш мақсадида ҳалол сертификатига эга маҳсулотлар, сайёҳлик совғалари, маҳаллий таомлар ва улар билан боғлиқ хизматларни ривожлантириш қўллаб-қувватланмоқда.
Вилоят маъмурияти бозор талабларига мос маҳсулот ва хизматларни ишлаб чиқиш учун ҳалол сертификати берувчи ташкилотлар, дипломатик ваколатхоналар, авиакомпаниялар ва халқаро туризм компаниялари билан ҳамкорликни янада кучайтиришни режалаштирмоқда.
“Шамсуддинхон Бобохонов” НМИУ Матбуот хизмати