Чин дуо
Бир бой савдогар ошқозон-ичак касаллигидан азоб чекиб, кўп муолажа олганидан сўнг ҳам аҳволи ўнгланмади.
Бир куни у бу ташвишдан ғам чекиб, машинасига ўтириб боши оққан томонга қараб йўл олди. Йўл-йўлакай кичик бир қишлоқ ёнида тўхтади. Узоқдан бир деҳқонни кўриб қолди. У ерда ўтириб, нимадир еяётган эди. Бой машинадан тушиб, унинг овқат ейишини кузата бошлади.
Деҳқон бойни кўриб қолиб: “Меҳмон чойга келинг!” дея чақирди. Савдогар ўзининг овқат ея олмаслигини тушунтирмоқчи бўлди. Аммо деҳқон уни так лиф қилишда давом этди. Ахири у деҳ қоннинг ёнига келиб ўтирди. Унинг олдига бир қанча ноз-неъматлар қўйилди.
Бой мезбонни хафа қилмаслик учун бир дона помидорни олиб оғзига солмоқчи бўлди. Деҳқон унга: “Бисмиллаҳ” деб егин, деди. Меҳмон “Бисмиллаҳ” деб помидорни оғзига солди. Бироқ зум ўтмай унинг қорни қаттиқ оғриб, ерга йиқилди.
Деҳқон қўрққанидан уни уйига олиб бориб, ётқизди. Бой ўзининг дори-дармонларини ичиб ўзига келди.
Шу кеча савдогар деҳқоннинг уйида меҳмон бўлди. Мезбон ундан нима бўлганини сўради. Бой бир неча йиллардан бери хаста эканини айтди. Деҳқон туни билан намозда қоим бўлиб, бемор учун дуо қилар, ора-орада “Аллоҳим, эчкининг ҳаққи билан!” деб қўярди. Буни эшитган бой эрта саҳарда бунинг сабабини деҳқондан сўради. Деҳқон бу Аллоҳ ва ўзи ўртасидаги сир эканини айтиб, ён бермади. Аммо бой ҳам сўзида туриб олди. Охири деҳқон айтишга мажбур бўлди.
«Ёшлигимда оддий ишчи эдим. Олган маошимни тўплаб, уйланмоқчи бўлдим. Ях шигина пул жамғарганимдан сўнг уйланмоқчи бўлиб юрган кезларим эди. Бир куни қўшнимнинг келини икки эгизак бола туғиб вафот этди. Қўшнимнинг боши қотган, болаларни эмизадиган она керак. Аммо қишлоқда ўзини боласига қўшиб яна икки болани эмизадиган аёл йўқ.
Болаларнинг очликдан йиғлашини эшитиб юрак-бағрим эзилиб кетарди. Шундан кейин тўйим учун йиғиб юрган 35 жунайҳ пулни олиб, бозорга бордим. Болалар учун кийим-кечак ва уй учун керакли буюмлар сотиб олдим ва уни қўшнимга сездирмай ҳовлисига қўйдим. У нарсаларни кўриб хурсанд бўлди, аммо бу билан муаммоси ҳал бўлмади.
Бир кеча бир шайх тушимга кириб: “Қўшнингнинг ҳовлисига эчки боғла”, деди.
Эрталаб қолган пулимга янги болалаган эчки сотиб олиб, билдирмай қўшнимнинг ҳовлисига боғладим. Шундан кейин болаларнинг чинқираб йиғлаган овозини эшитмадим.
Қўшним эса ҳар куни: “Эчкини олиб келган одамга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!” деб дуо қилар эди. Мен учун бу эчки Аллоҳ билан орамдаги бир сир бўлиб қолди. Ҳар қачон шу дуо билан Аллоҳдан нимаики сўрасам, ижобат қилди.
Бу кеча эчкининг ҳаққи билан сенга шифо сўраб Аллоҳга дуо қилдим. Иншоаллоҳ, Аллоҳ сенга шифо беради», деди. Бой деҳқоннинг ҳикоясини эшитди-ю, аммо унчалик эътибор қилмади. Шу воқеадан бир ҳафта ўтгач савдогар шифокор ҳузурига бориб, таҳлил натижаларини эшитиб ҳайратдан қотиб қолди. Чунки унга бир неча йиллардан бери оғриқ азобини бериб келаётган дардидан асар ҳам қолмаган эди.
Бой бу гапни эшитгач, шошилганча деҳқоннинг ҳузурига югурди. У далада ишлаётган эди. Савдогарни кўриб, унинг чеҳраси ёришди. Бой уни бағрига босиб миннатдорчилик билдирди. “Нима сўрасангиз, қанча сўрасангиз, муҳайё қиламан. Айтинг, нима қилай?” деб турибди олди. Деҳқон: “Аллоҳ шифо берган бўлса, сиз учун хурсандман. Аммо менга ҳеч нарса керак эмас”, деди. Бой ундан дуолар ижобат бўлишининг сирини сўради.
Сўнгра деҳқон бойни қишлоқ бўйлаб олиб юриб, фақир ва муҳтожларнинг уйларини кўрсатди ва ҳар бир камбағалнинг уйи олдида бир тўхтаб, унга:
“Аллоҳ билан савдо қил!” деди. Бой: “Қандай қилиб Аллоҳ билан савдо қилиш мум кин?” деб сўради. Шунда деҳқон: “Аллоҳ билан савдо қилишнинг йўллари кўп. Энг муҳими, ихлос бўлсин. Шунда бир оғиз ширин сўзинг ҳам садақа ҳисобида бўлади”, деди.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ таржимаси
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 8-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws