23 давлатдан зиёратчилар Мадинадаги Қуръон босмахона мажмуасига ташриф буюрди
ИҚНА: Саудия Арабистони Ислом ишлари, даъват ва иршод вазирлиги томонидан ташкил этилган дастур доирасида Европа ва Осиёнинг 23 давлатидан келган зиёратчилар Мадинаи Мунавварадаги Подшоҳ Фаҳд номидаги Қуръонни чоп этиш ва нашр қилиш мажмуасига ташриф буюрдилар.
ИҚНА сайтининг SPAга таяниб хабар беришича, Ислом ишлари, даъват ва иршод вазирлиги томонидан ташкил этилган «Умра ва Икки Ҳарамни зиёрат қилиш» дастурида иштирок этаётган зиёратчиларнинг иккинчи гуруҳи Мадинада бўлишлари давомида маданий дастур доирасида Подшоҳ Фаҳд номидаги Қуръон каримни чоп этиш мажмуасига ташриф буюрган.
Европа ва Осиёнинг 23 давлатидан 250 нафар зиёратчи мажмуанинг турли бўлимларини кўздан кечириб, Қуръони каримни чоп этиш босқичлари, замонавий босмахона технологиялари, шунингдек, Қуръон матнларини текшириш ва тасдиқлаш жараёнлари билан танишдилар.
Шунингдек, уларга мажмуанинг Қуръонга хизмат қилиш борасидаги фаолияти, Муқаддас Китобни чоп этишдаги ўрни, унинг маъноларини 80 дан ортиқ тилга таржима қилиш ҳамда мажмуага тегишли турли материалларни дунё тилларида нашр этиш ишлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ташриф якунида зиёратчиларга Подшоҳ Фаҳд номидаги мажмуада чоп этилган Қуръони карим нусхалари ҳамда унинг маъноларининг бир неча тилдаги таржималари совға қилинди.
Таъкидлаш жоизки, Мадинада жойлашган Подшоҳ Фаҳд номидаги Қуръонни чоп этиш мажмуаси 1984 йил 30 октябрда таъсис этилган. Қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида мажмуа дунёдаги Қуръони каримни чоп этишга ихтисослашган энг йирик марказга айланди.
Мазкур мажмуа Саудия Арабистонидаги замонавий энг муҳим маданий ва диний марказлардан бири бўлиб, Қуръони карим нусхаларини чоп этиш ва бутун дунёга, айниқса мусулмон мамлакатларига тарқатишда муҳим ўрин тутади.
Илёс АҲМЕДОВ таржимаси.