Семизликдан қутулай десангиз
Ярим тайёр ёки тез пишадиган егуликлар, ширинликлар ва газли ичимликлар ҳамда ҳаракатсизлик юракқон томир касалликлари, қандли диабет, қон босими ошиши ва бўғимлардаги оғриқлар, семириш, руҳий ҳолатнинг ёмонлашиши каби хасталикларни келтириб чиқаради.
Тўғри овқатланиш, таомни шошмасдан ейиш, ўз вақтида ва меъёрида ухлаш, мунтазам жисмоний машқлар билан шуғулланиш вазн ортишига йўл қўймайди. Мисол учун, кунига камида 30 дақиқа юриш, кўпроқ сабзавот ва мевалар ейиш ҳамда ширин ва ёғли таомларни камайтириш бу борада яхши самара беради.
Биринчи навбатда шакар миқдори кўп бўлган ичимлик ва ширинликлар истеъмолини чеклаш лозим. Чунки улар калорияга бой бўлиб, қонда қанд миқдорини кескин ошириш билан бирга, семиришга йўл очади.
Яна бир омил. Асабийлик, тушкунлик ҳолатида қонга сўриладиган кортизол гормони ҳазм жараёни ва моддалар алмашинувига таъсир кўрсатади. Бу қанча узоқ давом этса, ҳазм ёмонлашади ва организмда кимёвий жараён секин кечади. Шунинг учун инсон ҳар қандай вазиятда ўзини қўлга ола билиши лозим.
Семизликдан узоқ бўлай деган киши оқсилга бой маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилиши керак. Ҳар куни творог, йогурт ейишни, сут ичишни одат қилинг. Чунки айнан сут ёғлари танамиздаги ортиқча калорияларни қайта ишлашга ёрдам беради, шунингдек, бошқа маҳсулотлар таркибида келиб тушадиган зарарли ёғлардан ҳимоя қилади.
Неъматилла ИНОЯТОВ,
Шифокор
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 10-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws