Идда ҳақида билмаганларимиз…
Қабулга келган аёл бироз тортиниб сўз бошлади: “Кеча эрим ўзини бошқаролмай жаҳл устида талоқ айтди. Кейин қилган ишидан пушаймон бўлди, маҳалладаги бир ҳожидан маслаҳат олган экан, у: “Аёлингизни бошқа бир эркакка вақтинча никоҳлайсиз, кейин у ўз ихтиёри ила ажрашса, шунда қайтариб олсангиз бўлади”, дебди. Шунга эрим: “Бугун сени укамга никоҳлаб қўйишади. Пешиндан кейин укам сени талоқ қилади. Кейин сени никоҳлаб оламан”, деди.
Қабулга келган онахон гап бошлади: “Бугун неварамни узатаётган эдик. Олдинги турмушидан фарзанди йўқ. Уйга қайтганига ҳам бир йил бўлди. Яхши жойдан совчилар чиқиб, бир-бирига маъқул бўлган эди, тўйни белгиладик. “ЗАГС”дан ажрамаган. Уни кейинроқ ўчиртирса бўлади деган ўй билан 3-4 аёл билан бугун куёвникига олиб бориб қўймоқчи эдик. Шунга мумкинмаслигини эшитиб, шошиб қолдик…”
* * *
Афсуски, бундай ҳолатлар жамиятимизда кўп учраяпти. Эри вафот этган, талоқ қилинган аёл, ҳайз кўрадиган ёки ҳайз кўрмайдиган аёллар ва ҳомиладор аёлнинг идда муддатлари борлигини билмаганлари учун ҳам никоҳ масаласига юзаки қараш ҳолатлари учрамоқда. Иддага риоя қилмаслик оқибатида насллар аралашиш эҳтимоли бор.
“Идда” “санаш”, “ҳисоблаш” маъноларини билдиради. Шариатимизда идда – талоқ қилинган ёки эри вафот этган аёл (фақат аёллар) маълум вақт кутиб турадиган муддатдир.
Аёл кишининг турмуш ўртоғи вафот этса, идда сақлаш шарт эмас, деган тушунча бор. Эри вафот этган аёлнинг ёши нечада бўлишидан қатъи назар, идда муддати тўрт ою ўн кундир. “Сизларни вафот этиб, хотинларини қолдирган бўлсалар, (бева хотинлари) тўрт ою ўн кун ўзларини кузатиб (идда сақлаб) ўтирадилар” (Бақара сураси, 234- оят).
Агар эри вафот этган аёл ҳомиладор бўлса, унинг иддаси туққунича бўлади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ҳомиладорларнинг (идда) муддатлари ҳомилаларини қўйишлари (кўзи ёришлари)дир. Кимки Аллоҳга тақво қилса, (Аллоҳ) унинг ишини осон қилур” (Талоқ сураси, 4-оят).
Эр аёлига талоқ берса, уч ҳайз муддатича кутади, яъни иддада ўтиради: “Талоқ қилинган аёллар ўзларига қараб, уч ҳайз муддати (ўтишини) кутиб ўтирадилар” (Бақара сураси, 228-оят).
Ҳайз кўрмайдиган аёлларнинг идда сақлаш муддати уч ойдир. “Хотинларингиз орасидаги (кексайиб) ҳайз кўришдан умид узганлари, агар сизлар (иддалари хусусида) шубҳалансангиз, бас, (билингизки) уларнинг иддалари уч ойдир, яна (бирор марта) ҳайз кўрмаганларнинг (иддалари) ҳам” (Талоқ сураси, 4-оят).
Кўриниб турибдики, ояти карималарда аёлларнинг турмуш ўртоғининг вафот этиши ёки ажрим бўладиган ҳолатларда ҳам иддага қатъий амал қилиши баён этилган. Афсуски, идда сақламасдан туриб бошқа турмуш қуриш аёлларда турли бачадон касалликларини келтириб чиқаради, насл-насабнинг аралашиб кетишига олиб келади.
Шариатда эрининг вафоти иддасида ўтирган аёлга озиқ-овқат ва тирикчилиги учунгина кўчага чиқишига рухсат берилган.
Иддани менсимаслик, адо этмаслик турли иллатларга олиб келади. Қуръони каримнинг бир неча оятларида айнан идда борасида кўрсатмалар бор. Ҳар биримиз Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларини ўрганиб, амал қилишимиз мақсадга мувофиқ.
Мунира АБУБАКИРОВА,
ЎзМИ Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлими етакчи мутахассиси
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 10-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws