Саришта уйда файз-барака бўлади
Ижтимоий тармоқдаги бир видеога кўзим тушди. Унда қайнона янги келинининг хонасига кириб, унга жавонларидаги тартибсиз кийимлар, тоза ва кир либосларнинг аралашиб ётганини кўрсатиб дашном беради…
Бугун айрим келинларнинг эпсизлиги, уйини ораста сақламаслигию фарзандларига эътиборсизлиги, афсуски, ҳақиқат. Бунинг оқибатида оилавий низолар келиб чиқмоқда. Оналар қизларига ахлоқ билан бирга уйни саранжом-саришта тутишни, ўзини ораста сақлашни ҳам ўргатмоғи керак. Зеро, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат таълим берганлар: “Огоҳ бўлинглар, ҳар бирингиз чўпонсиз ва ўз сурувингиздан (қўл остингиздагилардан) сўраласиз!.. Хотин уйи ва фарзандларига чўпондир ва улар ҳақида сўралади!..” (Муттафақун алайҳ). Муслима аёл – уйнинг бекаси. Эркак ишдан ҳориб келса, уйда ширин овқат ҳиди, озода ва орасталик, фарзандларининг хушҳоллиги унинг чарчоғини чиқаради. Акс ҳолда, уйтартибсиз аҳволда, овқат тайёрланмаган, фарзандларга меҳр берилмаган, парвариш қилинмаган бўлса, руҳиятига салбий таъсир қилади. Бу узлуксиз давом этса, эр секин-секин аёлидан совиб боради, оиласи бағридан кўра кўчани афзал била бошлайди.
Бугун аёлларнинг тозаликка риоя қилмаслиги, оиласига эътибори камайиб боришининг сабабларидан бири вақтни тўғри ва фойдали нарсаларга тақсим қилмаганидир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Икки неъмат борки, аксарият инсонлар у икки неъмат хусусида алданиб қолишади. У саломатлик (хотиржамлик) ва бўш вақтдир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти). Ушбу ҳадис гўё ижтимоий тармоқлардан айнан бизни огоҳлантираётгандек. Чунки бугун кўпчиликнинг вақтини телефонлардаги фойдасиз, зарарли видеою ўйинлар “ўғирлаб” қўймоқда. Афсуски, орамизда кунининг кўп қисмини интернет билан овора бўлиб, уй-рўзғор юмушларини вақтида бажармаётган аёллар, келин-қизларимиз йўқ эмас. Кечки пайт эр ишдан қайтганида бу ҳолат аввал кичик тортишув, кейин эса катта низоларга айланиши мумкин. Вақтни тўғри тақсимлайдиган, уй-рўзғор юмушларига эътиборли ва фарзандлари билан суҳбатлашишга вақт топадиган аёлнинг оиласида ҳам файз, ҳам барака бўлади. У интернетдан фақат фойдали нарсаларни ўзлаштиради. Жуфти ҳалолига меҳрли сўзлар айтиш, унинг меҳнатига ва оиласига бўлган эътиборидан миннатдор бўлиш эр-хотинлик муносабатларини мустаҳкамлайди. Раббимиз оилани мустаҳкам пойдевор устига қуриш ва уни асрашга буюради.
Зулайҳо СОАТОВА,
Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 10-сонидан