Вақтида ўқилган намоз
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ азза ва жалла: “Мен сенинг умматингга беш вақт намозни фарз қилдим. Мен Ўзимга Ўзим: “Ким уларни муҳофаза қилиб, ўз вақтида ўқиб келса, албатта, жаннатга киритаман”, деб аҳд бердим. Ким уларни муҳофаза қилмаса, Менинг ҳузуримда унга аҳд йўқдир”, деди» (Имом Абу Довуд ривояти).
Аср намозини ўқиб йўлга чиқдим. Уйимиз узоқ, ота-онамни кўриб, ҳолидан хабар олишим керак. “Шомгача етиб олай, Аллоҳим”, дея тинмай дуо қиламан. Намознинг фазилатини тил билан таърифлай олмайман, айниқса, ўз вақтида ўқисам, руҳим ва танам яйрайди. Шом вақти яқинлашар экан, ҳаловатим йўқолди. Вақт назаримда жуда тез ўтарди. Машина тўхтатиш учун катта йўлга чиқишим керак, кўчамизга деярли транспорт кирмайди.
Машина тўхтади. “Ўтиринг, опа”, деди таксичи. Йўл узоқ, тирбандлик бор. Кеч қолишимни ўйлаб хавотирланардим.
Йўлларнинг тирбанд эмаслиги мени ҳайратда қолдирди. Гўё ҳамма дуоимни ижобати учун ҳаракат қилаётгандек. Манзилимга етиб келдим, уйимизга яқин масжиддан азон овози эшитилди.
– Алҳамдулиллаҳ, шомга улгурдик, – дер эди ҳалиги йигит.
У ҳам мен каби намозга шошаётган экан. Пул берсам, олмади, “Дуо қилиб қўйинг”, деди. Яна бир бор, ё Аллоҳ, бизга фарз қилган амалларни жидду жаҳд, муҳаббат билан бажариш ҳаракатида бўлган бандаларини қўллашини ҳис этдим.
Мавлуда ПАРДАЕВА,
Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 10-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws