Истиқлолнинг 35 йиллигига 35 та факт – 19. Ҳайит байрамларининг расмий эътироф этилиши
Мустақилликнинг дастлабки йилларидан Рамазон ва Қурбон ҳайитларига муносабат давлат даражасида тубдан ўзгарди. 1991 йилдаёқ Рўза ҳайитини дам олиш куни деб эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилиниши янги давр диний сиёсатининг муҳим рамзий қадамларидан бири бўлди. Кейинчалик Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайитининг биринчи кунлари қонунчиликда ишланмайдиган байрам кунлари сифатида мустаҳкамланди. Бугун ҳайит арафасида мамлакат бўйлаб ободонлаштириш, хайрия ва саховат тадбирлари ўтказилади, байрам намозларини адо этиш учун зарур ташкилий шароитлар яратилади. Оила ва қариндошларни зиёрат қилиш, беморлар ва эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиш каби қадриятлар ҳам кенг давом этмоқда. Шу жиҳатдан ҳайитлар диний байрам сифатида эътироф этилиши билан бирга халқнинг меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик анъаналарини ифода этувчи умумхалқ байрамларига айланган.