Омонатдорлик фақат сақлашдами?
Динимиз таълимотида омонат (ишонч, масъулият) тушунчаси нафақат шахсий ахлоқ, балки жамият барқарорлигининг асосий устуни сифатида талқин қилинади. Қуръони каримда: “Албатта, Аллоҳ хиёнатчи ва жиноятчи бўлган кимсани севмайди”, дейилган (Нисо сураси, 107-оят).
Бу оят омонатга хиёнат қилиш нафақат ахлоқий нуқсон, балки оғир гуноҳ эканини кўрсатади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Маккаи мукаррамага зафар қозониб келганларидан сўнг Каъбанинг ичида ибодат қилмоқчи бўлдилар. Арабларнинг одатига кўра Каъба эшигининг калити Усмон ибн Талҳада турарди. Набий алайҳиссалом унга: “Калитни берсангиз, ибодат қилмоқчи эдим”, дедилар. Усмон ҳали Ислом динини қабул қилмагани учун у зотга калитни бермади. Шунда Али розияллоҳу анҳу Усмоннинг олдига бориб: “Эй нодон, нима қиляпсан?
Пайғамбар алайҳиссалом зафар билан кириб келган бўлсалар ҳам, бирортангизга зарар етказмадилар! Ваҳоланки, сизларни жазолашлари ҳам мумкин эди-ку!. Лекин бундай қилмадилар!” деди. Усмон ибн Талҳа: “Йўқ, калитни бермайман”, деди. Ҳазрат Али унинг қўлидан калитни тортиб олди.
Каъбатуллоҳнинг эшигини очгандан сўнг Расулуллоҳ алайҳиссалом кириб ибодат қилдилар. Аллоҳ таоло “Омонатларингизни ўз эгаларига қайтаринг”, деган оятни нозил қилди. Шунда у зот Каъбанинг эшигини ёпиб, калитини Али розияллоҳу анҳуга бердилар ва: “Аллоҳ таоло оят нозил қилди. Калитни эгасига қайтариб беринг”, дедилар.
Ҳазрат Али Усмон ибн Талҳанинг ёнига қайтди. Калитни олиш пайтидаги ҳолат билан қайтариб беришдаги муносабат буткул ўзгача эди. Мулойимлик билан узр сўраб, калитни берди. Усмон ибн Талҳа таажжубланди ва бу муносабатнинг сабабини сўради. Ҳазрат Али нозил бўлган оят ҳақида айтиб: “Бу калит сиз ва авлодингизга тегишли”, деди. Мусулмонларнинг мана шу омонатдорлигини кўрган Усмон ибн Талҳа Исломни қабул қилди.
Афсуски, бугунги кунда кишилар ўртасида бир-бирига ишонч сусайиб бораётгани кўзга ташланади. Қарз олиб вақтида қайтармаслик, ваъда бериб бажармаслик, иш жойида масъулиятсизлик қилиш, халқ мулкига бепарволик билан қараш, бировнинг сирини сақламаслик, мансабдан шахсий манфаат йўлида фойдаланиш каби ҳолатлар омонатга хиёнатнинг кўринишларидир. Бу иллат аввалига оддий камчиликдек туюлади, аммо вақт ўтиши билан инсоннинг обрўсини, ўзаро ишончни ва ижтимоий тартибни емириб боради.
Омонат фақат биров бериб қўйган мол ёки буюмни сақлаш эмас. Унинг доираси жуда кенг. Инсоннинг тили ҳам омонат, чунки у ҳақ гапиришга буюрилган. Кўзи ҳам омонат, чунки ҳаромдан тийилиши лозим. Вақти ва умри ҳам омонат, чунки у беҳуда ишларга сарфланмаслиги керак. Илм ҳам омонат. Уни тўғри етказиш ва унга амал қилиш талаб этилади. Бирор лавозим ҳам омонат бўлиб, у халққа хизмат қилиш, адолатни таъминлаш ва унинг масъулиятини ҳис қилиш лозим бўлади.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларида мунофиқлик аломатлари ҳақида сўз юритиб, омонатга хиёнат қилишни ҳам ана шу хатарли белгилардан бири сифатида зикр қилганлар. Шу боис, мусулмон киши ўз ҳаётида омонатдорликни доимо ҳис қилиши ва мўмин-мусулмон деган номга муносиб бўлиб яшашга интилиши лозим.
Зайниддин домла ЭШОНҚУЛОВ,
Ўзбекистон мусумонлари идораси раиси ўринбосари
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 11-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws