Ҳар куни 100 та китоб ўқиш мумкин
Сурайё Иброҳимова “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасасида, сўнгра Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида таҳсил олган. Тошкент давлат шарқшунослик университети магистри. Тошкент ислом институти ўқитувчиси.
– “Пешқадамликка интилаётган кишининг калити мутолаадир. Айнан китоб халқлар ва миллатларни уйғонишга етаклайди”. Айтинг-чи, китоб мутолааси сизнинг ҳаётингизда қанчалик аҳамият касб этади?
– Ота-онам бизни доимо китоб ўқишга ундашарди. Уйимиз кутубхонасида бадиий асарлар, турли соҳаларга оид китоблар бор эди. Мактаб давридан бошлаб ён дафтарчамга мутолаа қилган ҳар бир китобим номи, мазмуни ҳамда муаллифи ҳақида қисқача ёзиб бораман. Китоблар сони ва билимим ошгани сари ўқишга иштиёқим янада ортди. Ҳозир бу ишни фарзандим билан давом эттиряпман. Натижа жуда яхши. Қизим ҳам ўқиган китоблари номи, муаллифи, қисқача мазмуни ҳамда ўз фикрларини қайд қилиб боради. 11 ёшли фарзандим бир йилда 70 га яқин рисолани ўқийди.
“Хадичаи Кубро” мадрасаси талабаси бўлганимдан сўнг араб тилидаги адабиётларни катта қизиқиш билан луғат ёрдамида ўқий бошладим. Малакам ошгани сайин асарлар мазмуни, моҳиятини тушуниб бордим. Олдинлари кун давомида бир ё икки бет ўқиган бўлсам, бора-бора бу кўрсаткич йигирмадан ўттиз бетгача, кейинроқ эса юз бетга етди.
Қуръони карим 604 бетдан иборат. Мусҳафи шарифни бир кунда хатм қиладиган кишилар бор. Демак, Қуръони каримдан бошқа китобларни ҳам 100 бетдан ўқиш имконсиз эмас.
– Чет тилларини ўрганиш бўйича қандай тавсиялар берасиз?
– Бирор хорижий тилни ўрганган инсон бошқа тилни ўзлаштириши осон кечади. Масалан, араб тилидан кейин йиллар давомида инглиз, рус, турк ва форс тилларини ўргандим. Бу мен учун кўп имкониятлар эшигини очди. Аввало, хорижий тилни ўрганиш асносида она тилимизнинг гўзаллигини кўпроқ англадим.
Бир неча тилни биладиганлар ўхшаш сўзларни яхши аниқлаши, шунингдек, диққатни кўпроқ жамлай олиши исботланган. Тадқиқотлар натижасига кўра, хорижий тилларни ўрганаётган болалар чет тилларга қизиқиши йўқ ўқувчиларга нисбатан математика бўйича яхшироқ натижаларга эришгани аниқланган.
Кўп тил биладиган кишилар бир вақтнинг ўзида кўп вазифаларни бажариши мумкин.
– “Дарс қилишни бошлашим билан мудроқ босади”, деган шикоятни кўпчиликдан эшитамиз. Ушбу ҳолатнинг ечими ҳақида фикрингиз қандай?
– Аввало, кун тартибига риоя қилиш керак. Киши қувватини беҳуда нарсаларга сарфламаслиги лозим. Кечки овқатни эртароқ ейиш ҳамда ҳазми енгил таомлар тановул қилиш афзал. Тўғри овқатланиш одамни ланж қилмайди. Кундузи, имкон бўлса, бироз мизғиб олган яхши. Хуфтон намози ўз вақтида ўқилиб, эртароқ ётилса, бомдод намозидан олдин дарс тайёрланса, мақсадга мувофиқ бўлади. Фақат ўтириб эмас, балки юрган-турган ҳолда ҳам дарс тайёрланса, танада қон айланиши яхшиланади. Ҳовлида ҳам дарс тайёрлаш мумкин. Дарсхонани чиройли ва саранжом тутиш керак.
– Ислом институтида фиқҳ фанидан дарс бериб келмоқдасиз. Биламизки, фиқҳ соҳасини эгаллашнинг машаққати бор.
– Уламолар ақидани “Фиқҳул акбар”, шариат ва банданинг амалларига тааллуқли фиқҳ илмини “Фиқҳул асғар” деб атаганлар. Демак, ҳар бир мусулмон аввал ақидани, сўнгра фиқҳни яхши ўрганиши керак.
Бунинг учун, аввало, “Қирқ фарз”, “Ибодати исломия” каби китобларни, сўнгра секин-аста асл манбаларни араб тилида ўқиш талаб этилади. Демак, фиқҳни ўрганмоқчи бўлган одам араб тилини яхши билиши шарт. Шунингдек, усулул фиқҳ илмини ҳам бир неча манбалар асосида ўрганиб чиқиши, Қуръони каримдаги ҳукм оятлари, ҳадисларни ҳам пухта билиши керак. Энг асосийси, бу илмни яхши кўриш ва тинмай меҳнат қилиш шарт.
Фиқҳ фанини тўрт йил мадрасада, тўрт йил олий маъҳадда, икки йил магистрлик босқичида ўргандим. Ўн беш йилдан буён ушбу фандан дарс бериб келаман. Лекин ҳали-ҳануз ўқийдиган, ўрганадиган нарсаларим жуда кўп. Ушбу илмни китобларда тайёр ҳолда ёзиб қолдирган уламолардан Аллоҳ рози бўлсин. Биздан фақат уларни ўқиб-ўрганиш ва тушуниш талаб этилади.
фиқҳини ўрганиш, уни амалга татбиқ этиш инсон ҳаётида жуда кўп муаммоларга ечим бўлади. Ислом фиқҳида ҳар бир шахс, ҳатто жонзотнинг нафақаси, албатта, кимнингдир зиммасига фарз қилинган. Масалан, қиз фарзанд вояга етгунича отаси, турмушга чиққач, эрининг нафақасида бўлади. Эри билан ажрашган тақдирда ҳам идда ичида унинг нафақаси эрининг зиммасида бўлади. Сўнг аёлни энг яқин маҳрам эркак: балоғатга етган ўғли ёки отаси, у ҳам бўлмаса, акаси ё укаси, улар ҳам бўлмаса, бошқа яқин қариндошлари боқиши, уй-жой билан таъминлаши шарт.
Фиқҳ илмида инсонларнинг тинч-тотув, хотиржам яшаши учун барча нарса ҳисобга олинган. Каттаю кичикнинг ҳуқуқи ҳимояланган.
Илм ўрганмоқчи бўлган кишиларга тавсияларим: дангаса бўлмаслик, ҳар дақиқадан унумли фойдаланиш; ҳатто мақсадсиз дўстлардан ҳам воз кечиш керак. Илм олиш игна билан қудуқ қазиш демак. Уламолардан бири: “Илм олишга борингизни бермагунингизча илм сизга ҳеч нарса бермайди”, деган.
Баъзилар: “Фиқҳга оид китобларни ўқиб кўрдим, тушундим ҳам, лекин эсимдан чиқиб қоляпти. Олдингиларнинг зеҳни ўткир, хотираси кучли бўлган-да”, дейишади. Уламолар ҳаёти ёритилган китобларни мутолаа қилганимда уларнинг баъзи асарларни ёдда сақлаш, яхши фаҳмлаш учун 200, яна айримлари 300 маротаба ўқиб чиққани айтилади. Улар ҳам биз каби инсон бўлган. Фақат вақтларини тўғри тақсимлаб, кўп қисмини илм олишга сарфлаганлар. Ҳозирги китобхонлар бироз сабрсиз. Китобни бир мартагина зўрға ўқиб чиқиб, катта натижа умид қиладилар. Ёки ҳамма нарсани билдим, деб ўйлаб қоладилар.
Мусулмон, аввало, динининг асоси – шариат илмларини, қолаверса, дунёда фойда келтирадиган илмларни ўрганиши керак. Лекин сеҳр каби шариат ҳаром қилган илмларни ўрганиши мутлақо мумкин эмас. Шунингдек, халқ эътироф этган, ишончли, ақидаси мустаҳкам муаллифларнинг китобларини ўқиш шарт.
Аллоҳ розилигини истаб олинган илм ўз эгасини дунёда ҳам, охиратда ҳам нажотга эриштиради. Шундай мақсад билан илм олишни бошлаган инсон жамиятга фойда келтиради.
Юлдуз КОМИЛ суҳбатлашди.
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 10-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws