Истиқлолнинг 35 йиллигига 35 та факт – 26. Алломалар илмий меросини ўзбек тилига таржима қилиш
Юртимиздан етишиб чиққан буюк муҳаддис, фақиҳ, мутакаллим ва мутафаккирларнинг асарларини ўрганиш ва халққа етказиш ишлари кенгайди. Илгари асосан араб, форс ва бошқа тиллардаги қўлёзмалар орқали маълум бўлган кўплаб манбаларни ўзбек тилига таржима қилиш, шарҳлаш ва нашр этишга эътибор кучайди. Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний ва бошқа алломалар мероси бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Ташкил этилган халқаро илмий-тадқиқот марказлари қўлёзмаларни аниқлаш, нусхаларини олиб келиш, илмий таҳлил қилиш ва замонавий нашрларини тайёрлаш ишларида иштирок этмоқда. Бу жараён алломалар асарларини тор мутахассислар доирасидан кенг китобхонлар аудиториясига олиб чиқишга хизмат қилди. Натижада халқимизнинг ўз илмий-маънавий меросини она тилида ўрганиш имкониятлари сезиларли даражада кенгайди.