Энага “оналар” кўпаймоқда
Аёл тинмай хархаша қилаётган ўғлини силтаб: “Телефон кўзингга зарар”, деб хуноби ошарди. Боланинг инжиқлиги атрофдагиларнинг жонига тегди, шекилли, кимдир: “Уйингизга борсангиз, тарбиялайсиз, телефонни беринг”, деса, яна кимдир болани овутишга ҳаракат қиларди. Аёл эса: “Ҳозир шифокордан чиқдик, кўзойнак ёзиб берди”, дер эди.
“Қўшнимнинг ўғли соғлом, чаққон бола эди. 4-синфга ўтганда ғайриоддий тарзда семириб кетди. Қачон қарама, қўлида телефон. Энг ёмони, қувноқ бола жаҳлдор бўлиб қолган”, дейди бир танишим.
Дарҳақиқат, бугун телефондан нотўғри, мақсадсиз фойдаланиш оқибатида юзага келаётган касалликлар, руҳий зўриқишлар кундан-кун ортиб бормоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ёки оммавий ахборот воситалари бу ҳақда ҳар қанча бонг урмасин, вазият ўзгармаяпти.
Ҳулкар (уй бекаси): 5 ёшли қизим эрталаб уйғониши билан “Телефонингизни беринг”, деб жанжални бошлайди. Бир куни тунда алаҳсираб чиқди. Эрталаб кўзлари қизарган ҳолда уйғонди. “Ойижон, кроссовкали акула келяпти, тимсоҳнинг қуроли бор”, деб йиғлайди. Даволатишга тўғри келди.
Ўғилой Исмоилова, оилавий шифокор: Телефон, тўғри мақсадда ишлатилсагина фойдалидир. Ўқиш-ёзишни билган бола телефон орқали тил ўрганиши, машғулот бажариши мумкин. Шундай оилаларни биламан, фарзандлари интернет орқали илм-ҳунар эгаллашади. Лекин, афсус, кўпчилик ёшлар учун телефон, интернет вақтни беҳуда совуриш воситасига айланган. 10 ёшли беморим телефондан кўп фойдалангани учун кўзойнак тақади, яна бир ўсмир телефонни нотўғри ишлатгани учун суяги қийшиқ ўсяпти. Энг ёмони, бу воситалар ёш авлод тарбиясини бузмоқда. Айниқса, хорижда ишланаётган мультфильмлар одоб-ахлоқ мезонларига тўғри келмайди. Бугунги кунда кўпчилик ота-оналар фарзанди бўш вақтини нима билан ўтказаётганидан хабарсиз. Айниқса, ҳам ота, ҳам она ишли оилаларда болалар назоратсиз қолмоқда! Афсуски, фарзанди билан умуман гаплашмайдиган, таомини ҳозирлаб ва либосини тўғрилаб қўядиган “энага” оналар кўпайиб кетди.
Ноила (сотувчи): Афсуски, тижорат билан бўлиб ўғилларимга вақт ажратмадим. Улар туну кун телефон билан овора. Ҳозир катта ўғлимнинг кўзини даволатяпмиз. Кўриш қобилияти анча пасайган. Ундан ҳам ёмони, иккинчи фарзандим руҳиятида ўзгариш бўлган. Телеканаллардан бирида қўрқинчли теленовеллани кўрган. Ҳозир тунда ухлаганида ҳам чироқларни ёқиб ётади. Топганимизни уларнинг саломатлигини тиклашга сарфлаяпмиз.
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрдим, қарасам, Ҳасан розияллоҳу анҳуни елкаларига кўтариб олибдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Аллоҳим! Мен буни яхши кўраман, сен ҳам яхши кўргин”, деганларини эшитдим».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Аллоҳ азза ва жалла раҳматни юз бўлакка бўлди. Шундан тўқсон тўққиз бўлагини Ўз ҳузурида олиб қолди ва биргина бўлагини Ер юзига нозил қилди. Шу бир бўлак раҳмат туфайли барча махлуқот бир-бирига раҳм қилади. Ҳатто от ўз боласини босиб олмаслик учун туёғини кўтариши ҳам ўша раҳматдан”, деганларини эшитдим».
Она фарзандига келаётган зиённи қалби билан ҳис этади. Қуш полапонларини қанотлари остида сақлагани каби уни асрайди. Кейинги пайтларда оналарда ана шу ҳис бироз камайгандек. Кўпчилиги фарзандининг қалбига, онгига хавф солаётган омилларга бепарво. Аслида улуғ аждодларимизнинг комил инсон бўлиб шаклланишида волидаи муҳтарамаларининг беқиёс ҳиссаси бор. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг онаси уни гўдаклигида илмга йўллаган, Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг онаси Хонзодабегим матонати ҳам таҳсинга лойиқ. Оналар рўзғор ташвиши ёки пул топиш дардида бўлмаган, фарзандининг ахлоқи ва илмда пешқадам бўлишида ўзини масъул ҳисоблашган. Борига қаноат, йўғига сабр қилишни ўргатган. Бугунги айрим “энага” оналар эса ўзи бермаган ахлоқни ва таълимни ўзгалардан талаб қилади. Боланинг келажакда буюк инсон бўлиши унинг нуфузли жойда таҳсил олишида деб ўйлайди. Аслида тарбиясиз ва бемақсад болани энг кучли муаллимларга берсангиз ҳам, фойдаси йўқ.
Азиз аёллар, ижтимоий тармоқларда вақтни совураётган фарзандларимизга эътиборли бўлайлик. Улар меҳрни виртуал оламдан эмас, биздан олсин. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жаннат оналар оёғи остидадир” (Имом Қузоъий ривояти), деганлар.
Камола АДАШБОЕВА ёзиб олди.
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 10-сонидан