Олижаноб инсонлар ахлоқи
Тағофул (билмаганга олиш ёки хатони кўриб кўрмасликка олиш) салафларимиз айтганидек, ҳақиқатан ҳам олижаноблик белгисими? Бу иш сифатланиш керак бўлган маданий хулқми? Тажрибали инсонлар айтганидек, у одамлар орасидаги муаммоларга ечим бўла оладими? Энг муҳими, тағофул билан ғафлат ўртасидаги фарқ нимада?
Имом Аҳмад ибн Ҳанбалдан офият, тинчлик-омонлик ҳақида сўрашганда, у киши: “Офиятнинг ўндан тўққиз қисми хатолар ва камчиликларга кўз юмиш (тағофул)дадир”, деб жавоб берган. Бошқа бир ҳикматда эса гўзал хулқнинг ўндан тўққизи шу сифатда экани айтилади. Бу эса инсоний муносабатларда ушбу хулқнинг қанчалик катта аҳамиятга эга эканини кўрсатади.
Шуни тушуниш муҳимки, тағофул ва ғафлат ўртасида катта фарқ бор:
Ғафлат ‒ билимсизлик ёки бепарволик натижасида юзага келадиган ҳолат бўлиб, у ҳуқуқларнинг поймол бўлишига олиб келади. Қуръони каримда ғафлатда қолганлар қаттиқ мазаммат қилинган.
Тағофул ‒ иродавий ҳаракатдир. Инсон вазиятни тўла англаб турса-да, ҳикмат юзасидан ўзини кўрмасликка олади. Бу ожизлик эмас, балки юксак маҳорат ва кучдир.
Кўпинча биз вазият янада ёмонлашмаслиги, “олов” аланга олмаслиги учун ушбу маҳоратни ишлатишга мажбур бўламиз. Оқил раҳбар ходимларининг майда хатоларига кўз юмади, оқил ота-она фарзандларининг ҳар бир гапини тафтиш қилавермайди, эр-хотин ўртасидаги тотувлик ҳам кўп ҳолларда шу “тағофул” устига қурилади.
Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу айтганларидек: “Ақлнинг учдан бири заковат, учдан икки қисми эса тағофулдир”.
Инсоний муносабатлар нафақат покиза қалбларга, балки ҳушёр ва ҳикматли ақлларга ҳам муҳтождир. Тағофул ‒ нафақат муаммоларнинг ечими, балки олижаноб инсонларнинг зийнатидир. У оилада, ишда ва жамиятда тинчликни сақлашнинг энг гўзал йўлидир.
Жамшид ШОДИЕВ
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 11-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws