Аллоҳга энг маҳбуб амаллар
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Амалларнинг қайси бири Аллоҳ азза ва жаллага энг севимли?” деб сўрадим. У зот: “Ўз вақтида ўқилган намоз”, дедилар. Мен: “Сўнг қайси?” дедим. У зот: “Сўнг ота-онага яхшилик қилиш”, дедилар. Мен яна: “Ундан кейин қайси?” дедим. У зот: “Аллоҳ йўлидаги жиҳод”, дедилар. У зот менга (сўровимга жавобан) шуларни айтиб бердилар. Агар мен яна сўрайверганимда, шубҳасиз, у зот яна жавоб бераверар эдилар» (Имом Бухорий ривояти).
“Ўз вақтида ўқилган намоз”дан мурод мустаҳаб вақтида ўқилган фарз намозидир.
“Ота-онага яхшилик қилиш”дан боболар ва момоларга ҳам яхшилик қилиш тушунилади. Уларга яхшилик қилиш – уларнинг шариатга зид бўлмаган гапларига итоат қилишдир. Чунки гуноҳ бўладиган нарсада бирор шахсга итоат қилинмайди.
Имом Қасталоний бундай деган: «Агар сиз: “Бир ривоятда энг яхши амал оч-наҳор инсонларга таом бериш; бошқасида эса оз бўлса-да, давомли бўлган амал Аллоҳга маҳбуб экани айтилган. Бу ўринда эса яна бошқалари айтилмоқда. Уларни қандай мувофиқлаштирамиз?” десангиз, мен айтаманки, улар турли вақтларда ва бошқа-бошқа одамларга айтилган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир вазиятга, ҳар бир қавмга уларнинг эҳтиёжи ёки рағбатига муносиб амални тавсия қилганлар. Масалан, Исломнинг аввалида жиҳод энг афзал амал бўлган. Чунки у Исломни сақлаб қолиш учун асосий восита бўлган.
“Агар мен яна сўрайверганимда, шубҳасиз, у зот яна жавоб бераверар эдилар”. Бу гапда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу “Агар мен амалларнинг даражалари ёки динда эҳтиёж тушадиган бошқа нарсалар ҳақида қанча сўрасам ҳам, шубҳасиз, у зот ҳеч бир малолланишсиз жавоб беришдан тўхтамаган бўлар эдилар”, демоқда. Ахир у зот иршод имоми – одамларни тўғри йўлга йўллаш учун Аллоҳ таолонинг расули бўлсалар, билмаган нарсалари ҳақида саволлар берган кишига жавоб бермасликлари мумкинми?! Асло ундай бўлиши мумкин эмас! Ҳар қанча савол берилса ҳам, у зот заррача малолланмай, хуш феъллик билан жавоб берар эдилар. Бу ўринда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга раҳми келгани ва у зотнинг бироз тин олиб роҳатланишлари учун саволни тўхтатганлар, холос.
Ҳадисда талаба ва ўқувчиларга – устоз ва мураббийларига савол беравериб, уларни қийнаб, зериктириб қўймасликларига, шунингдек, устозларга ҳам талабаларнинг саволларини – гарчи бир неча бор сўрасалар ҳам, модомики, бефойда саволлар бўлмаса – бағрикенглик ила жавоб беришлари кераклигига кўрсатма бор.
Намоз ва ота-онага яхшилик қилиш мусулмоннинг доимий вазифасидир. Бу икки амалда бардавом бўлиш даражаси жанг майдонлари ва душманлар қаршисидаги қийинчиликлар даражасидан паст эмас. Балки йиллар бўйи намоз ўқиб, отаонага яхшилик қилишда бардавом бўлиш уларнинг даражасини жиҳод даражасидан юксалтириб юборади (Ал-адабун-Набавий).
Афсуски, Ислом душманларининг йўриғи асосида мусулмон халқларига қарши курашга даъват қилувчи қўғирчоқ “олимлар” ҳам бор. Улар чақириғига алданиб қолмаслик учун аввало илм олиш, ҳадисларнинг шарҳларини мўътабар манбалар асосида ўрганиш зарур. Ҳар бир мусулмон ҳадисда баён қилинганидек, намозларини ўз вақтида тўкис адо этса ва ота-онасига яхшилик қилишда бардавом бўлса, иншаалоҳ, дунё ва охиратда саодатли ҳаётга эришади.
“Ад-дуррул-муназзад фий шарҳил Адабил-муфрад” асари асосида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси Баҳодиржон АЪЗАМОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 11-сонидан