Минода йўқолган телефон
Ҳайитнинг биринчи куни тош отиш учун Минодан Жамаротга кетаётган эдим. Тумонат одам. Шу пайт оёқ остида ётган телефонга кўзим тушди. Уни олиб, эгаси қўнғироқ қилиб қолар, деган умидда йўлимда давом этдим. Қўнғироқ бўлмади. Ўзим қўнғироқ қилай, десам, телефон кодланган экан.
Ярим кечаси чодирда эканимда қўнғироқ бўлди. Кўтардим, аёл киши экан. Индонезия пойтахти Жакартада яшаши, телефон эгаси экани, кеча тош отишга кетаётиб, уни йўқотганини айтди.
Орадан ярим соат ўтиб, келишилган жойда учрашдик. Телефонни эгасига берар эканман, у менга пул узатди. Мен рад этсам, яна қўшиб бериши мумкинлигини билдирди. Мен пул олсам, савобдан қуруқ қолишимни айтганимдан кейин ортиқча илтифот қилмади.
Аёл мамлакатдаги машҳур компания асосчиларидан бирининг қизи экан. Ўн кун олдин ҳажга келган бўлиб, Маккадан янги симкарта олиб, рақамини ҳеч кимга бермаган экан. Ҳайит куни Жамаротга кетаётганида телефонни тушириб қўйиб, топа олмагач, симкарта олган шохобчага борган ва мен билан боғланган.
Мен унга ўзбекистонлик эканимни, Бухорода яшашимни, телефонни эгасига топширганимдан мамнунлигимни билдирдим. У гапларимни диққат билан эшитар экан, кўзи ёшланиб, Ўзбекистон ва ўзбек халқига ташаккур айтди.
Ҳа, динимизда омонатдорликка жиддий қаралади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ва Расулга (буйруқларига) хиёнат қилмангиз ва (бир-бирингиздаги қўйган) омонатларингизга (ҳам) билиб туриб хиёнат қилмангиз!”(Анфол сураси, 27-оят.)
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Мунофиқ уч нарсада билинади: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, бажармайди, омонатга хиёнат қилади” (Имом Термизий ва Имом Насоий ривояти).
Али розияллоҳу анҳу: “Омонатни адо қилиш ризқнинг калитидир”, деган. Динимизга амал қилиш икки дунё саодати кафолатидир.
Эркин ҚУДРАТУЛЛОҲ,
“Мир Араб” мадрасаси мударриси
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 10-сонидан